16:44 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ ва Ўзбекистон ишбилармонлари $4,8 млрд қийматга эга шартномаларни имзоладилар

17.05.2018 13:57 msk

Фарғона

АҚШда ўзбек ишбилармонлари ва давлат компаниялари америкаликлар билан $4,8 млрд ортиқ қийматга эга шартномаларни имзоладилар, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати. Давлат раҳбарлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё, молия, туризм, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларида янада яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун мавжуд имкониятларни ўрганишга келишиб олдилар. Ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 20 дан ортиқ йирик шартномалар имзолангани АҚШда 10 минг иш ўринларини сақлаб қолиши ҳамда келгусида бир неча миллиард доллар миқдоридаги шартномалар учун имкониятлар яратиши мумкинлиги эътироф этилди.


Битимлар имзоланиши. Voanews.com фотоси

Аввали Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм савдо ва инвестиция соҳасида имзоланадиган шартномалар қиймати $4 млрд, энергетика ва ҳарбий техника ҳамкорлиги лойиҳалари билан биргаликда — $8,5 млрд ташкил этишини айтиб ўтганди. Томонлар нефть тармоғи ва рангли металлургия соҳасидаги ҳамкорлик истиқболли саналиб, геология разведкаси ва ер ости бойликлари қазишма ишларига Chevron ва Exxon Mobil, шунингдек, электр станцияларини реконструкция қилиш ишларига General Electric компанияларини жалб қилишга келишиб олдилар.

«Марказий Осиёдан яқинда қайтдим. Ўзбекистонда ҳам бўлдим. Президент Мирзиёев ҳокимятга келганидан бери жуда кўп ўзгаришларни пайқадим, бозорни очиб ташлади, илгари имкониятлар чекланган эди, ҳозир эса инсонлар илҳомланган», — дейди америкалик фирмаларнинг хорижда ишлашига кўмак берувчи Trade Connections International LLC компанияси президенти Филип де Лион «Amerika Ovozi» хабарига кўра.

AmeriFund вице-президенти Фарҳод Муродов Ўзбекистонда Best Western ва Wyndham меҳмонхоналари қурилиши режалаштирилганини айтиб ўтади. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Суҳроб Холмуродов тадбиркорларга солинадиган айрим солиқлардан воз кечиш, компаниялар регистрациясини соддалаштириш режаларини маълум қилди.

«Ўзбекистон ҳукумати хориж инвесторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлайди, — деди инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов. — Бизлар солиқ кодекси, божхона ва тариф назаротини мукаммаллаштириш устидан ишламоқдамиз».

Шартномалар 16 май куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий учрашуви арафасида имзоланди.

Учрашувда Мирзиёев Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилаётганини айтиб ўтди. Ўз навбатида Трамп Америка ҳукумати бу йўлда Ўзбекистонни қўллаб - қувватлашини таъкидлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги