14:09 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мўйноқда ичимлик суви таъминотида муаммолар пайдо бўлди

17.05.2018 13:46 msk

Фарғона

Мўйноқдаги сув колонкаси. Мансур Мировалев сурати, "Фарғона"
Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида ичимлик суви масаласида яна муаммо пайдо бўлди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжанова «Газете.uz»га ха-бар қилади. Унинг сўзларига кўра, бунга ўтган йили ишга туширилган янги сув қувуридаги авариялар сабаб бўлмоқда. Бу ҳолатдан депутат ва унинг ҳамкасблари апрель ойида хабардор бўлганларидан кейин, улар маҳаллий ҳокимят ва Қорақал-поғистон Жоқарғи Кенесига мурожаат қилишган.

«Биз, нима учун узилишлар кузатиляпти, деб сўрадик. Улар эса бундай муаммо йўқлигини айтишди. Уларнинг жавоби бизни қаноатлантирмади ва Жоқарғи Кенесга ёзма кўринишда депутатлик сўрови юбордик. 10 кун ичида бизга вазиятни тўлиқ тушунтириб беришлари керак», — дея таъкидлади у.

Қўнғирот-Мўйноқ сув қувури тармоғини ётқизиш ташаббусини президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг январида Қорақалпоғистонга уюштирган сафари вақтида илгари сурганди. Авваллари аҳоли Амударёдан ёки артезиан қудуқларидан сув олган. Қиймати 26,6 млрд сўм бўлган 101 километрлик сув қувури ўтган йили ёзда ишга тушилганди.

Ҳукуматнинг «2017−2021 йиллари Орол бўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури»га кўра, яқин уч йил ичида Мўйноқнинг энг чекка овуллари ҳам ичимлик суви тилан таъминланиши лозим. Лекин депутат Айтжанованинг сўзларига кўра, бу борада ишлар жуда суст бормоқда. «Овулларда ҳозирча сув йўқ. Ҳаммаси босқичма-босқич бўлади, дейишаяпти, лекин халқ қачон сув келади, деб сўраяпти. Мўйноқ шаҳрининг ўзида соат бўйича — эрталаб ва кечқурун сув берилаяпти», — деб қўшимча қилди у.

Ўтган йили апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш Давлат инспекциясини тузиш тўғрисида фармон имзолаганди. Қорақалпоғистонда ҳам ҳудудий бўлинмасига эга ушбу ташкилот, жумладан, сув таъминоти тизими объектлари ҳолати ва эксплуатациясини назорат қилиши, шунингдек, бу соҳадаги носозликларнинг олдини олиши керак.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги