14:10 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Трамп билан учрашди ва унинг америка халқи манфаати йўлидаги ишларини мақтади

17.05.2018 10:38 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп билан учрашди. Дастлаб улар матбуот учун суратга тушдилар, сўнг Овал кабинетида раҳбарларнинг мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.



Трамп Ўзбекистон АҚШ учун муҳим давлат, стратегик шерик эканини қайд этди.

Ўзбекистоннинг обрў - эътибори ошиб бормоқда, Сиз билан Оқ уйда учрашиш биз учун шараф, деди АҚШ Президени.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети ва ҳудудий мустақиллигини доимо қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади. Мирзиёев рус тилида гапирди. У Трампнинг солиқ соҳасидаги ислоҳотлари ва америка халқи учун янги иш ўринлари яратаётганини мақтади. Трамп бу сўзларга юз фоиз қўшилди.

Дастлаб Мирзиёев Трамп билан кичик доирада учрашади, кейин музокаралар кенг таркибда давом этади. 17 май куни Ўзбекистон президенти Пентагонга ташриф буюриб, у ерда АҚШ Мудофаа вазири билан музокаралар олиб боради. Шу куни Америка конгрессменлари ва сенаторлари билан ҳам учрашувлар белгиланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги