14:36 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Немис компанияларига Тошкентда саноат зонасини ташкил этиш таклиф қилинди

16.05.2018 15:32 msk

Фарғона

"Алгоритм" заводи биноси кўриниши. Mg.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов германиялик ишбилармонларга Тошкентдаги 16 гектар майдонни эгаллаган “Алгоритм” заводи ҳудудида махсус саноат зонаси тузишни таклиф қилди. Ушбу таклиф тўртинчи Германия - Ўзбекистон ишбилармонлар кен-гашининг мажлисида тилга олинди, деб хабар беради Gazeta.uz.

«Биз ушбу зонани немис компанияларидан бирига бошқариш учун топширишга тайёрмиз», — деди ҳукумат раҳбари. Абдулла Арипов Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида, жумладан инвесторлар узоқ муддат солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинган 14 та эркин иқтисодий зона ҳамда инвесторлар сармоя киритиш ва янги иш ўринларини очиш шарти билан бепул ишлаб чиқариш майдонларига эга бўлиши мумкин бўлган 80 дан ортиқ кичик саноат зоналари доирасида немис компаниялари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини қўшимча қилди.

Бу гал Ўзбекистонга Германиядан кўпчиликдан иборат ишбилармонлар делегацияси ташриф буюрган. Гуруҳ таркибидан 70 дан ортиқ гигант саноат компаниялари, банклар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўрин олган. Германия - Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашида Siemens, МАN, BASF, TUI Group, SAP, Deutsche Bank, Commerzbank ва бошқа машҳур компания ва молиявий тизимларнинг топ-менежерлари иштирок этдилар.

Форум дастуридан Тошкентдаги “Алгоритм” заводига ташриф буюриш, Бухородаги гипсокартон ишлаб чиқарувчи Knauf корхонаси фаолияти билан танишиш ўрин олган. UzDaily.uz маълум қилишича, немис компаниялари қуруқ қурилиш ашёларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятидалар. Ўзбекистонда саноатни модернизация қилиш ишлари учун 40 млн евро миқдорида маблағ йўналтирилади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда немис ишбилармонлари ҳамкорлигида ташкил этилган 132 та корхона фаолият юритмоқда. Икки мамлакат ўртасида савдо алоқалари ривожланиб бормоқда. 2017 йил товарайирбошлаш аввалги йилга нисбатан 32,5 фоизга кўпайган ва 600 млн еврони ташкил этган.

Германия - Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши 2015 йили феврал ойида немис ишбилармонлари ташаббуси билан барпо этилган. Берлинда кенгашнинг биринчи маслиси ўтказилган. Икки мамлакат вазирлик идоралари ва ишбилармонлари томонидан олиб борилган музокаралар якунида $2,8 млн миқдорда шартномалар имзоланган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги