09:39 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёевнинг АҚШга "тарихий" ташрифи бошланди

16.05.2018 12:41 msk

Фарғона

Мирзиёевнинг АҚШга бошланган ташрифидан инвестициялар ҳисобига Ўзбекистонда ислоҳотлар муқим ўрин топишига умид қилмоқдалар

15 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев уч кунлик расмий ташриф билан Америкага келди. Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжонов ўзининг Facebook даги саҳифасида ташриф Москва вақти билан соат 6 да бошланганини маълум қилди. “Фарғона” маълумотларига кўра, президент тунда Вашингтонгга учиб келган. «Эндрюс» аэропортида ўзбек президенти ва унинг рафиқасини АҚШ ҳукумати вакиллари кутиб олганлар.


Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан трапда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати видеосидан лавҳа

Бугун Шавкат Мирзиёевнинг Америка президенти Дональд Трамп билан учрашуви режалаштирилган. АҚШ Давлат департаменти мазкур ташрифни “тарихий” деб баҳолади. Трамп маъмурияти Мирзиёев билан бўладиган учрашув “АҚШ ва Марказий Осиё республикалари билан олти томонлама формат музокараларини мустаҳкамлайди”, Вашингтон ва Тошкентнинг мазкур механизм доирасида “қатор масалалар, жумладан, Афғонистон билан боғлиқ” муаммоларни муҳокама этилишига имкон беради, ТАСС Давлат департаменти вакилининг сўзларини келтиради.

Ташриф дастуридан Конгрессдаги иккитомонлама учрашувлар, Давлат департаменти, Жаҳон банкидаги музокаралар, Пентагонда АҚШ Мудофаа вазири билан ҳарбий-техник соҳасида ҳамкорлик қилишга бағишланган музокаралар ўрин олган. Томонлар тўрт миллиард доллардан ортиқ қийматга эга битимларни имзолаш ва «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: янги стратегик ҳамкорлик даврининг бошланиши» қўшма декларацияни имзолашни режалаштирганлар.

Япониянинг The Diplomat журнали ташриф куни Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлатовнинг мамлакатда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислоҳотлар олиб борилаётганига доир интервьюсини чоп этди. The Washington Post газетасининг Хельсинкидаги мухбири Рейд Стэндиш диктатор Ислом Каримов ўлимидан сўнг Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни ёзар экан, Трамп дунёдаги энг репрессив режимга эга мамлакатлардан бири раҳбарини кутиб олаётганига америкалик ўқувчилари диққатини қаратади. Мудомки, Мирзиёев инвестициялар учун келган экан, уларни Ўзбекистоннинг демократик йўлдан оғишмай ҳаракат қилишига йўналтириш кераклигини маслаҳат беради Оқ уй нашри.

«Ўн йиллар давомида АҚШ Марказий Осиёдаги ўз таъсирини йўқотди, Ўзбекистон минтақада янги йўналиш бошланиши, унинг барқарор ва мустақил минтақага айланишига имкон беради», деб ёзади газета. Мирзиёев ўз ташрифи билан мамлакат иқтисоди учун инвестициялар олишга ҳаракат қилади, Американинг мамлакат иқтисодига киритган сармоялари кам, америкалик компанияларни инвестиция иқлими, пахта саноатида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани чўчитади.

Газета фикрига кўра, «Ўзбекистоннинг тез орада демократик мамлакат бўлиши даргумон», лекин Оқ уй СССР парчалангандан сўнг Марказий Осиёни либераллаштириш шансини олди. Бунинг учун ижтимоий-иқтисодий масалалар демократик қадриятларни илгари суриш сиёсатига бўйсундирилиши лозим ва «Оқ уй инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш улкан иқтисодий имкониятларга эга бўлишнинг энг маъқул омили эканини аниқ кўрсатиб бериши керак».

Мирзиёев Трамп билан 2017 йил май ойида Саудия Арабистонида ўтказилган АҚШ ва араб-мусулмон мамлакатлари саммити чоғида илк бор учрашган. Бу гал унинг Ўзбекистон президенти сифатида Америкага қилган биринчи ташрифидир. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўзларининг маслаҳатларини эълон қилдилар. Унга кўра, Трамп учрашувда Мирзиёевдан Ўзбекистонда инсон ҳуқулари ҳимоя қилиниши тўғрисида қўшимча кафалатларни талаб қилиши лозим. Human Rights Watch сайтида шу каби талабларни ўн иккита инсон ҳуқуқлари ташкилотлари илгари суради. Жумладан, Amnesty International USA Трампга Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар, диндорлар ва сексуал озчиликка дахлдор одамларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилишиниши сўрашни маслаҳат берган бўлса, Amnesty Internationalнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими Мирзиёевдан Ислом Каримов режими даврида инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши билан боғлиқ текширувларни ўтказишни талаб қилишни маслаҳат берди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги