14:07 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Amnesty International ташкилоти Трампдан Каримов режими жиноятларини Мирзиёевга эслатиб қўйишни илтимос қилди

16.05.2018 09:23 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп. CNN телеканали кадри

Amnesty International АҚШ президенти Дональда Трампни президент Шавкат Мирзиёевга Ислом Каримов даврида инсон ҳуқуқлари поймол этилиши билан боғлиқ текширув ишларини бошлашни тавсия қилишга чақиради.

Amnesty International ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими директори ўринбосари Денис Кривошеев ўз баёнотида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланаётгани ва “кенг қамровли суд ислоҳотлари” олиб борилаётгани учун Мирзиёевга миннатдорчилик изҳор қилди. Лекин ҳуқуқ ҳимоячиси “ўн йиллар давомида сиёсий таъқиб қурбонлари ҳақида миқ этилмагани ва бундан 13 йил олдин Андижондаги намойишда қурбон бўлган юзлаб одамларнинг хотираси адолатли текширувга лойиқдир”, деб қўшимча қилади.

Amnesty International президент Мирзиёевнинг “Ислом Каримовдан мерос қолган изоляцион ва репрессив сиёсатга буткул барҳам бериш” бўйича олиб бораётган ташаббуслари ўта муҳимлигига урғу беради. Мисол тариқасида, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбари томонидан судда терговчилар томонидан қийноқлар эвазига олинган кўрсатма, далил-исботлардан фойдаланишни ман этиш тўғрисидаги фармон келтирилади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини олқишлайдилар. Жумладан, конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва давлат тўнтаришга оид чақириқлар билан айбланган Бобомурод Аббдуллаев иши кўрсатилади. Эслатиб ўтамиз, Абдуллаев 7 май куни суд залининг ўзида озод қилинганди. Прокурор томонидан сўралган беш йиллик қамоқ жазоси ўрнига Абдуллаевга ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш йўли билан уч йил аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси берилади. Айбланувчи 221 кун ҳисбда ушлаб турилгани боис, у берилган муддатнинг бир йилдан ортиқроғини ишлаб беради.

Шуни таъкидлаш жоизки, Amnesty International нинг йиллик ҳисоботига кўра, 2017 йил Ўзбекистон - Марказий Осиёда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш борасида ижобий натижаларга эришган ягона давлат деб тан олинган.

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга биринчи расмий ташрифи 15 - 17 май кунлари бўлиб ўтади. Икки мамлакат раҳбарлари учрашувида стратегик ҳамкорлик, Ўзбекистонда ўтказилаётган глобал ислоҳотлар, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Марказий Осиё минтақаси, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади. Америка-ўзбек савдо палатаси маълумотига кўра, Мирзиёв ташрифи чоғида $4 млрд миқдорида савдо ва инвестицияга доир давлатлараро битимлар имзоланиши кутилмоқда. Ўзбекистон матбуот хизмати маълумотларига кўра, бу рақам $8,5 млрд ни ташкил этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги