16:53 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Европа инвестиция банки Ўзбекистонга $500 млн кредит ажратади

14.05.2018 16:58 msk

Фарғона

Европа инвестиция банки биноси. Fullfact.org сайти фотоси
Европа инвестиция банки (ЕИБ) яқин орада Ўзбекистонга $500 млн миқдорида кредит ажаратади. Бу ҳақда банк вице-президенти Василь Худак маълум қилган, деб хабар беради Spot.uz «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетига таянган ҳолда.

Кредит давлат томонидан ишлаб чиқилган иқтисоднинг истиқболли йўналишларини молиялаштиришга йўналтирилади. ЕИБ сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, иссиқлик таъминоти соҳаларига сармоя қиритишни мақсад қилган.

ЕИБ ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик келишуви 2017 йил октябрь ойида Вашингтонда имзоланган. «Мазкур битим доирасида ЕИБ билан ҳамкорлик республика иқтисодиётининг турли соҳаларини илғор европа технологияларини жалб қилган ҳолда ислоҳот қилишга ёрдам беради. ЕИБ билан ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистонда 2017-2021 йиллар тараққиёт Стратегияси доирасида республикадаги инвестиция иқлимига ижобий таъсир қилади деган умиддамиз», - деди Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров шартномани имзолаш маросимида .

Мирзиёев ЕИБ билан ҳамкорлик битимини шу йилнинг январида тасдиқлаган. Президент қарорига кўра, Европа иттифоқи банки билан ҳамкорликка Ўзбекистон инвестиция давлат қўмитаси масъул деб топилган.

Ўзбекистон ЕИБ ҳамкорлик қилаётган Марказий Осиёдаги тўртинчи мамлакатдир. Бунга қадар банк Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан битимлар имзолаган. ЕИБ минтақада иқлим ўзгариши механизми ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш лойиҳаларини молиялаштиради. Ўзбекистон билан ҳамкорликка қадар банк Марказий Осиёга инфратузилма лойиҳалари, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 700 млн евро миқдорида маблағ йўллаган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги