16:57 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистан ва АҚШ $4 млрд миқдорида келишувлар имзолаш ниятида

14.05.2018 15:35 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп 2017 йилги учрашувда. CNN телеканали лавҳаси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга қилажак ташрифи чоғида $4 млрд миқдорида шартномалар имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда америка-ўзбек савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм маълум қилди, деб хабар беради РИА Ново-сти.

Мирзиёев АҚШда 15 ва 17 май кунлари бўлади. Бу унинг мазкур мамлакатга қилган биринчи расмий ташрифидир. 16 май куни Мирзиёев ва Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Учрашув сўнггида бир қатор давлатлараро битимлар имзоланиши кутилмоқда. Лэмм сўзларига кўра, савдо ва инвестиция бўйича $4 млрд миқдорида битимлар имзоланади.

Лэмм икки мамлакат ўртасида нефтни қайта ишлаш ва рангли металлургия соҳасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболли бўлишига урғу беради. «Бизлар Ўзбекистонда қўшма корхоналар қуриш бўйича фикрлар муштараклигини кўряпмиз», — деб қўшимча қилди савдо палатаси раиси.

Ташриф арафасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари (CENTCOM) генерал Жозеф Вотелни қабул қилди. Учрашувда минтақада барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши кураш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Вотел АҚШнинг жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини юксак баҳолаши ва қўллаб-қувватлаши қайд этиб ўтди.

Мирзиёев ва Трампнинг биринчи учрашуви 2017 йил май ойи Саудия Арабистонида ўтказилган АҚШ ва араб-мусулмон давлатлари саммити чоғида бўлиб ўтганди. 2017 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Трампнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ҳаракатларини қўллаб- қувватлашини таъкидлаганди. Ўшанда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида $2,6 млрд миқдорида келишувлар имзоланганди. Жумладан, келишувлар доирасида General Electric, Honeywell, Caterpillar, Boeing ва бошқа компаниялар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари Тошкентда МДҲ давлатлари ичида ягона бўлган Вебстер университетининг филиали очилиши режалаштирилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги