14:07 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев АҚШ ҳарбий кучлари қўмондони билан ҳарбий-техник ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

14.05.2018 14:01 msk

Фарғона

Жон Вотел Шавкат Мирзиёев билан учрашувда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари (CENTCOM) генерал Жозеф Вотелни қабул қилди ва у билан ҳарбий ҳамкорлик ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти сайти.

Учрашувда хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий - техникавий ҳамкорлик соҳаларидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақада барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши кураш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Вотел АҚШнинг жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини юксак баҳолаши ва қўллаб-қувватлаши қайд этиб ўтди.

Учрашувда ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, Афғонистон ва бутун Марказий Осиё давлатлари манфаатлари йўлида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратиши алоҳида таъкидланди.

АҚШ ҚК қўмондонлиги раҳбари 11 май куни Қобулда афғон ҳарбийлари билан ўтказган учрашувда АҚШ “Толибон” ҳаракати токи афғон ҳукумати билан тинчлик музокараларини ўтказмас экан, унга босим ўтказишда давом этишини айтган. Америка генерали дала қўмондонлари жангларда ғалаба қозонолмай, музокара ўтказишга мажбур бўлишини таъкидлаган. Бундан аввалроқ НАТО Бош котиби ёрдамчиси Жон Манза токи Афғонистон тупроғида тинчлик ҳукм сурмас экан, НАТО қуролли кучлари бу ердан кетмаслигини маълум қилганди. «Ҳал қилувчи кўмак» миссиясида 16 минг аскар бор ва унинг сафи бир ярим минг одамга кўпайтирилиши мумкин.

Мирзиёев ва Вотел шунингдек, Ўзбекистон президентининг АҚШга расмий ташрифини муҳокама қилдилар. Ташрифдан Ўзбекистон-Америка ҳамкорлиги сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда. 15-17 май кунлари Мирзиёев АҚШга ташриф буюради ва 16 май куни у Америка президенти Дональд Трамп билан музокаралар олиб боради. Ташриф олдидан республикадаги инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинликлари билан боғлиқ муаммоларни юмшатиш мақсадида айрим қадамлар ташланди. Олмалиқ қамоқхонасидан ҳуқуқ ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев озод этилди. Бундан ташқари, “Америка овози” мухтири Навбаҳор Имамова Ўзбекистонда журналистик фаолият юритиш учун аккредитация олди.

Мирзиёев ва Трампнинг биринчи учрашуви 2017 йил май ойи Саудия Арабистонида ўтказилган АҚШ ва араб-мусулмон давлатлари саммита бўлиб ўтганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги