16:52 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Америка матбуоти илк бор Ўзбекистонда фаолият юритиш учун рухсат олди

14.05.2018 13:00 msk

Фарғона

Навбаҳор Имамова. Facebook саҳифасидаги сурати
«Америка овози» мухбири Навбаҳор Имамова Ўзбекистонда расман журналистик фаолиятини юритиш учун аккредита-ция олди. Бу ҳақда Twitter орқали АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси хабар қилади.

«Навбаҳор – аккредитация олган биринчи ва ягона америкалик журналистдир. У Ўзбекистонда мустақил ва профессионал журналистикани илгари суришда етакчи ҳисобланади», – дейилади хабарда.

Ўзбекистон ТИВ сайтида эълон қилинган рўйхатга кўра, бугунги кунга келиб республикада олтита хориж ОАВ рўйхатдан ўтказилган: афғонларнинг Arzu Radio TV, хитойликларнинг Jingji jibao ва Xinhua агентлиги, қозоғистонликларнинг Xabar, TRT турк телерадиокомпанияси ва британияликларнинг BBC World Service Monitoring шулар жумласидандир. «Ҳа, шу кунларга етиб келдик. Ўзбекистон мен учун “Америка овози” журналисти сифатида очиқ. У Америка ОАВ ичида аккедитациядан ўтган ягона мабтуотдир, – деб изоҳ беради журналист ўзининг Facebook даги саҳифасида – Она юртимда иш бошлашни интиқлик билан кутяпман!»

Таъкидлаш жоиз, америкалик журналист ушбу рухсатни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий сафари арафасида қўлга киритди. Шунингдек, ташриф олдидан ҳуқуқ ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев турмадан озод қилинди. Америка президенти Дональд Трамп билан учрашувда республикада инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги поймол бўлаётганига доир суҳбатларни қисқартириш мақсадида мана шундай чоралар кўрилгани таҳмин қилинади.

Навбаҳор Имамова Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида зиёли оилада вояга етган. У 1996 йили “Халқаро ҳаёт” ўзбек журналида иш фаолиятини бошлаган. 2002 йилдан бери “Америка овози” радиосида ишлайди. Гарвард университети магистрилиги қўлга киритган. 2017 йил Ж.Вашингтон университетида Марказий Осиёни ўрганиш дастури ва “Америка овози” томонидан ўтказилган давра суҳбатида Имомова Мирзиёев эришган ютуқлардан бири – президентнинг мамлакатда нималар юз бераётганига доир одамлар фикрини эшитишга тайёр эканини айтиб ўтади.

Журналист «мамлакатдаги ўзгаришлар Мирзиёев ҳукумат тепасига келгандан кейин бошланган дейиш соддалик бўларди”, деб ҳисоблайди. Мамлакат турғун ҳолатида бўлмаган, лекин у одамлар истаганчалик тараққий ҳам этмаганди. Навбаҳорнинг кузатувларига кўра, Мирзиёев ислоҳотларга талаб кучлилиги ва унга қарши туролмаслигини билган. Шунинг учун у мазкур кучдан ўзининг сиёсий, ижтимоий, балки молиявий капиталини кучайтиришга сафарбар қилган. Мана шу сабаб у ҳокимятни бир жойга жамлаб, мамлакатни олдинга йўналтира олишига чиндан ишонади. Бироқ, унинг йўлига коррупция ва криминал бизнес номоёндалари тўғаноқ бўлишлари мумкин, деб ҳисойлайди журналист.

Ўзбек матбуотини ўрганган Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўз докладида Мирзиёев даврида журналистлар ижобий ўзгаришларни ҳис қилаётганлари, матбуотдаги мавзулар доираси кенгайгани, лекин журналистлар ҳамон қўрқувда бўлиб, ҳукумат томонидан аниқ сигналларни кутаётганини таъкидлайди. Кейинчалик ўзбек матбуотида цензурани тақиқлашга доир қонун қабул қилинди. АҚШнинг халқаро тараққиёт Агентлиги (USAID) Марказий Осиё мамлакатларида «мувозанатли ахборот муҳити»ни юзага келтириш учун $15 млн ажратишга қарор қилди. Бундай лойиҳа 2015 йилдан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда иш юритиб келмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги