17:06 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳуқуқ ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев қамоқдан озод этилди

14.05.2018 09:39 msk

Фарғона

Фахриддин Тилла-евнинг қамоқдан олдинги сурати. Ahrca.ru фотоси
2018 йил 12 май куни Ўзбекистоннинг Олмалиқдаги 64/72 колониясида жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Фахриддин Тиллаев озод этилди. У март ойида республика Бош прокурори номига шикоят йўллаган, оқибатда 11 май куни Олий суд томонидан биринчи инстанция суд қарори бекор қилинган.

Фахриддин Тиллаев – «Мазлум» ҳуқуқ ҳимояси марказининг аъзоси, мустақил касаба уюшмалари ташкил этиш ташаббускорларидан бири, узоқ йиллар тақиқланган меҳнат тури қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган. У ушбу фаолиятини кейинчалик 2016 йил декабрда қамоқда оламдан ўтган ҳуқуқ ҳимоячиси Нуриддин Жуманиёзов билан ҳамкорликда олиб борган.

Фахриддин Тиллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг “одамлар савдоси” билан боғлиқ 135 - моддаси билан айбдор топилган. 2014 йил 6 мартда суд уни 8 йил озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқаради.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси маълумотларига кўра, Фархриддин Ҳабибуллаевич Тиллаев 1971 йил 15 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида туғилган. 2003 йилдан “Мазлум” ҳуқуқ ҳимояси марказининг аъзоси бўлган. 2005 йилдан Сурхондарёдаги одамларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган. Тиллаев 2012 йил ишчи мигрантларни ҳимоя қилиш учун мустақил касаба уюшмалари Иттифоқини тузиш ташаббускорларидан бири бўлган (ташкилот раҳбари Абдулла Тожибов ўғли).

Унинг ҳамкасблари Тиллаев устидан ўтказилган суд жараёни холис ва мустақил кечмаганини эътироф этадилар. Жараён шу қадар тез ўтказилганки, оқибатда Тиллаев тергов материаллари билан танишиб чиқишга улгурмайди, унинг ҳимояланиш ҳуқуқидан фойдаланишига имкон бўлмайди.

«Фахриддин Тиллаевнинг озод этилиши мен учун муҳим воқеликдир. МХХ ходимлари провокацияси туфайли уни озодликдан маҳрум қилдилар. У дуч келган барча тўсиқлар унинг иш фаолияти билан боғлиқдир, –дейди “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти Надежда Атаева. – Ҳукумат ХМТ (Халқаро меҳнат ташкилоти) қарорларини ратификация қилиш билан чекланган бир пайтда Тиллаев миллий ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда ижтимоий адолат принципларини ҳимоя қилишга уринди ва ҳукумат фуқаро жамияти билан мулоқот қилишга тайёр бўлганда эркинликка чиқди. Фахриддин яқин орада соғлигини тиклаб, хавфсиз шароитларда фаолиятини яна давом эттиради, деган умиддаман».

Фахриддин Тиллаев Халқаро пахта каолициясининг Тошкенга келиши ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи олдидан озодликка чиқарилди. Фахриддин Тиллаев номи доимо демократик мамлакатларнинг етакчи дирломатик миссиялари диққат марказида бўлиб келган, БМТ мажлисларида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муҳокама қилинганда бир неча бор тилга олинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги