09:36 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга нисбатан жавобгарликни кучайтирди

11.05.2018 11:35 msk

Фарғона

Пахта терими. «Фарғона» фотоси
Ўзбекистон  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига фуқароларни жамоат ишларига мажбур қиладиган мансабдор шахслар жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилган. Бу ҳақда 10 май куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорида сўз юритилади. Ҳужжатда бюджет ташкилоти ходимларининг қишлоқ хўжалиги ишларига сафарбар қилмасликни назорат қилиш ишлари ўз аксини топган.

Gazeta.Uz, хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига  фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш вазифаси топширилган.

Жумладан, ҳукумат талаба ва мактаб ўқувчилари, маориф, соғлиқни сақлаш тизими ходимларини мажбурий меҳнатга ёллаш ҳолатларини олдини олиши лозим. Мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши ҳужжатда аниқ кўрсатилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига бу борадаги қонунчилик назоратини кучайтириш, тартиббузарларни жавобгарликка тортиш топширилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда амалдор шахслар жавобгарлигини ошириш, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ваколатларини кенгайтириш, шу жумладан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтиришга доир ваколатларини кенгайтириш тўғрисида ҳукуматга таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

Яқинда бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-герман форуми докладида ҳанузгача одамлар ишдан бўшатилиш, электр энергиясини узиб қўйиш, маош бермаслик пўписаси билан пахта теримига жалб этилаётгани айтилган. Унда талабалар, маориф ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ходимларининг тилга олиниши бежиз эмас. Чунки, март ойида президент Шавкат Мирзиёев ташрифи олдидан Тошкент шаҳрида шифокорлар ҳиёбонни тозалаш ишларига мажбур қилинган, Самарқандда эса ёш ўқитувчи катта кўчани йиғиштириш ишлари пайти ҳалок бўлган. Апрель ойида Андижонда педагогларнинг тозалаш ишларига жалб қилиниши оқибатида қаровсиз қолган тўққизинчи синф ўқувчининг ўлдирилиши жамият ўртасида қаттиқ муҳокамага сабаб бўлганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги