16:55 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияда террорчиларга молиявий кўмак берганлик учун ўзбекистонлик фуқаро тўрт йилга қамалди

11.05.2018 10:46 msk

Фарғона

Igx.4sqi.net сайти фотоси
Россияда ишлаб юрган 26-ёшли Ўзбекистон фуқароси Авазбек Маматов тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. У Россияда фаолияти тақиқланган Сириядаги “Жабҳат ан-Нусра” террорчилик ташкилотига молиявий кўмак берганликда айбланади, деб ёзади  «Коммерсант».

Ҳукм Қозон шаҳрида Волгабўйи округи ҳарбий суди томонидан чиқарилди. Ўзбекистонлик фуқаро айбини тан олгани ва бундан афсуслангани туфайли иш суд терговисиз кўрилди.

Маматов ўрта махсус касб-хунарига эга. Орган ходимлари маълумотларига кўра, у 2015 йил мазкур ташкилотга аъзо бўлган. У Татаристоннинг Большие Клики шаҳарчасида яшайди, хонадонларни таъмирлаш ишлари билан шуғулланган. 2015 йили у миграция қонунчилигини бузганлиги учун жаримага тортилиб, мамлакатдан чиқариб юборишга ҳукм қилинади. У вақтинча ҳибсхонада бўлган пайтида, унга нисбатан террорчиликни молиялаштириш айби билан жиноий иш қўзғатилади.

Тергов маълумотларига кўра, 2017 йил 31 август куни Маматов Қозон шаҳридаги “Кольцо” савдо марказида жойлашган «Связной» алоқа уйи салони орқали “Жабҳат ан Нусра” террорчилик ташкилоти тизимидаги «Жамаат ат-Таухид вал-Жиҳод» («Ягона Аллоҳ ва жиҳод армияси») ташкилотининг Стамбулдаги вакилига 12 минг рубль пул маблағини ўтказади. Мазкур террорчи ташкилот 2003 йили Боғдоддаги БМТ ташкилоти ваколатхонасини портлатгани билан ҳам маълум. Ўшанда 20 нафар одам ҳалок бўлганди.

Маматов террорчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганликда (РФ Жиноят кодексининг 205.1 моддаси) айбдор деб топилган. Бу модда 500 минг рубль жарима солиш орқали 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жаъзосини қўзда тутади. Суд унинг афсустлангани, оила аъзоларининг оғир молиявий ҳолатини ҳисобга олиб, жарима солишдан бош тортди. Унинг Samsung Galaxy S3 телефони давлат ҳисобига мусодара қилинди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида АҚШда ўзбекистонлик Бахтиёр Жумаев қатор давлатларда тақиқланган “Ислом жиҳоди иттифоқи” террорчилик ташкилотига молиявий ёрдам берганликда айбдор деб топилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги