14:10 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон украин шакарини сотиб олиш бўйича етакчилик қилмоқда

11.05.2018 10:45 msk

Фарғона

Ukrsugar.com сайти фотоси
Апрель ойида Ўзбекистон хорижга сотилаётган украин шакарининг 55 фоизини харид қилган. Бу ҳақда «Укрцукор» - Украина шакар ишлаб чиқариш миллий ассоциацияси хабар беради.

Шу йилнинг апрель ойида мазкур мамлакатда хорижга 41,8 минг тонна шакар экспорт қилинган, улардан 23 минг тоннасини Ўзбекистон импорт қилган. Бу билан Ўзбекистон украин шакарини харид қилиш бўйича Буюк Британия, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлардан илгарилаб кетган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган ой мамлакатда шакар нархи 3,6 фоизга камайган. “Фарғона” манбаси ушбу маҳсулот нархи тушганини аниқлади: ҳозирда дўконларда бир килограмм шакар 4800-4900 сўм ($0,6) туради. Аввали унинг нархи , 5200 ($0,65) сўм эди. Одатга кўра, шакар нархи консервация даврида ошиб кетади, ҳали бунга вақт бор.

Манбамиз маълумотига кўра, ўтган йили фаолиятини тўхтатган «Хоразм шакар» заводи ҳанузгача ишламаяпти. Ўшанда «Ангрен шакар» заводи ҳам ишдан тўхтаганди. Шу муносабат билан шакар нархи кескин ортиб кетганди — бир килограмм шакарнинг нархи 4500-5000 ($0,6) сўмдан 6500-7500 сўмгача ($0,8-0,9) кўтарилган.

Шундай қилиб, бугунги кунда Ўзбекистон бозоридаги шакар асосан импорт қилинаётган маҳсулотдир. Украинадан ташқари, мамлакатга Россия ҳам шакар экспорт қилади: 2017 йили россияликлар 109 минг тонна шакар етказиб берганлар.

Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил этади. Жорий йилнинг апрель ойида Жиззах вилоятида қурилажак янги шакар заводи ички эҳтиёжни қоплаши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги