16:52 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Марказий Осиё мамлакатларидаги ОАВ ривожлантириш ва Россия ташвиқотига қарши туриш учун $15 млн маблағ ажратади

11.05.2018 10:43 msk

Фарғона

АҚШнинг халқаро тараққиёт Агентлиги (USAID) Марказий Осиё мамлакатларида «мувозанатли ахборот муҳити»ни юзага келтириш учун $15 млн ажратади. Май ойининг бошида Агентлик сайтига шунга дахлдор грант жойлаштирилди. Унда иштирок этиш учун аризалар 8 июнга қадар қабул қилинади. АҚШ молиялаштирмоқчи бўлган дастур мақсади - минтақа аҳолисини “турли ғоя ва фикрларга мойилроқ” қилиш ва “уларнинг фуқаролар ҳаётидаги фаоллигини ошириш”га йўналтирилган.

USAID биноси. Ташкилотнинг расмий сайти фотоси
Дастур аудиторияси - жамоат фикрига таъсир қила оладиган одамлар, марказий ва маҳаллий аппаратларда ишлайдиган раҳбарлар, фуқаролар жамияти вакиллари, давлат ва нодавлат ОАВ, блогерлар, ёшлар, жамоат ташкилотларини қамраб олади.

Дастур тафсилотидан унинг бутун минтақани қамрашини билиб олиш мумкин, лекин асосий эътибор Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга қаратилади. «Ҳар бир мамлакат аҳолиси тилини эътиборга олган ҳолда, маҳаллий тилларда семинар ва тренинглар ўтказиш, керак бўлганда минтақавий тадбирларда рус тилидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир», – дейилади ҳужжатда.

Шу билан бир қаторда, дастур муаллифлари ҳозирги пайтда учала мамлакатда Россия томонидан эфирга берилаётган ахборот ва кўнгилочар кўрсатувлар маҳаллий аҳоли учун асосий ахборот манбаи эканини эътироф этадилар. «Халқаро янгиликлар ва халқаро конфликтлар маҳаллий ОАВ томонидан суст ёритилади. Бу бўлаётган воқеликни тўлиқ англамасликни келтириб чиқаради ва эркин фикрлаш, эркин матбуот ва маълумотлар очиқлидан иборат умуминсоний қадриятлар ва демократик ислоҳотларга путур етказган ҳолда, авторитар режимнинг жамоат фикри устидан ҳукмронлик қилишига имкон яратади», – деб таъкидланади дастурда.

Дастур муаллифлари, шунингдек, минтақа аҳолисининг ахборот борасидаги саводи пастлигига эътибор қаратади. «Қозоғистон аҳолисининг маҳаллий ва халқаро ахборотларни танқидий таҳлил қилиш дарадаси паст. Бу эса уларни ёлғон ахборотлар билан манипуляция қилиш имкониятини кенгайтиради. Тожикистондаги медиасаводхонлик паст даражада экани аҳолини турли ташвиқотларга, айниқса ёшларни радикал ва эстремистик гуруҳлар таъсирига мойил қилиб қўяди», – дейилади ҳужжатда. Шу сабаб, дастур муаллифлари аввало маҳаллий халқнинг ахборот саводхонлигини ошириш, уларга “демократик жамиятда оммавий ахборот воситалар ўрни”ни тушунтириш, “танқидий фикрлаш”га ўргатиш зарурлигини таъкидлаб ўтадилар.

«Марказий Осиёда Россия таъсирига мойилликнинг юқори эканини ҳисобга олиб, дастур фаолияти унга қарши курашга эмас, минтақа аҳолисининг ОАВ тарқатаётган ахборотларни тўғри истъмол қилишига, шунингдек, маҳаллий ОАВ контенти фаолиятини яхшилашга қаратилади», — деб таъкидланади ҳужжатда.

Бундан ташқари, дастур маҳаллий журналистлар малакасини ошириш, маҳаллий ОАВларнинг «молиявий барқарорлик уқувини яхшилаш» ва маҳаллий тилларда ёритилаётган матбуотни кенгайтиришни кўзда тутади. Дастурни амалга оширишда нодавлат ОАВга асосий эътибор қаратилади, лекин давлат медиаларини ҳам “дастур мақсадлари йўлида унга киритилиши мумкин”, – деб айтилади ҳужжатда. Ҳужжатда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда муқобил ахборот манбаи бўлмиш интернет фойдаланувчилар билан боғлиқ янги медиани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади.

USAID – бу Қўшма Штатларининг бошқа давлатларга ноҳарбий кўмак берадиган АҚШ федерал ҳукумати тизимидир. Агентлик томонидан 2015 йили шунга ўхшаш минтақавий лойиҳа (дастур “Маълумот олишга кўмак бериш” деб аталган) Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда жорий этилганди. Дастур уч йилга мўлжаллаган бўлиб, унга $3,8 млн маблағ ажратилган. Унинг мақсади фуқароларнинг жамоатга дахлдор муҳим ахборотларни олиш кўламини кенгайтиришдан иборат бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги