09:40 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Бобомурод Абдуллаевнинг озод этилганини олқишладилар

09.05.2018 14:33 msk

Фарғона

Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Тошкент шаҳар судининг 8 май куни журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов, ишбилармон Шавкат Оллоёров ва Оавшан Салаевларнинг озод этиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватладилар.

«Бобомурод Абдуллаевнинг оила ва дўстлари даврасига қайтганидан ҳурсандмиз», - дейди Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бўлими директори  Хью Уильямсон. «Абдуллаевнинг ўз ишини бажарганлиги учун айбдор деб саналиши бизларда ҳавотир уйғотади, лекин суд қарори қайсидир маънода Ўзбекистондаги эркин фикр билдириш йўлидаги ижобий қадамдир», - деб қўшимча қилди у.


Бобомурод Абдуллаев. Тимур Карпов фотоси, «Фарғона»

«Биз Ўзбекистонда ҳибсда бўлган журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаётхон Насриддиновларнинг озод этилишини қутлаймиз. Бундан кейин ҳукумат журналистларнинг мустақил ва тажовузлардан ҳоли фаолиятини таъминлаши керак», - деди   Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури (CPJ) координатори Нина Огнянова.

CPJ нинг собиқ консультанти Музаффар Сулаймонов ҳам суд қаорини олқишлади ва Ўзбекистон ҳукуматига матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши борасида қатор қадамларни қўйишни тавсия қилди. Унинг фикрига кўра, ҳукумат озод этилган журналистларни реабилитация қилиши, улар фаолиятидаги барча тўсиқларни, халқаро сайтларга қўйилган тақиқларни олиб ташлаши, ҳуқуқ ҳимоячиларининг мамлакатга эркин ташриф буюриши ва матбуот аҳволини ўрганишига шароитлар яратиб бериши лозим.

Amnesty International (AI) Тошкент суди қарорини олқишлади, лекин ҳукуматни мамлакат фуқароларининг эркин фикрлашларини ҳимоя қилишга чақирди. «Гарчи биз Бобомурод Абдуллаев ва бошқа судланувчиларнинг озод этилишини қутласакда, лекин ҳануз қамоқхоналарда сиёсий эътиқод маҳбуслари азоб чекаётганини эслатиб ўтамиз. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласида ижобий қадамларни ташлади, лекин ҳуқуқлари топталган инсонлар масаласи ҳал этилмас экан, ислоҳотлар тўғрисидаги гаплар қуруқ гап бўлиб қолаверади», -  деди AI ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими директори Денис Кривошеев.

Абдуллаев ва Насриддиновнинг озод этилганини ЕХҲТ ОАВ эркинлиги масаласи бўйича вакили Арлем Дезир ҳам олқишлади. У бу ҳодисани “узоқ кутилган воқеа” деб баҳолади ва журналистни қолган айблардан ҳам озод этишга чақирди.

Куни-кеча жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Абдуллаев, Насриддинов, Оллоёров ва Салаевларни суд залининг ўзида озод қилди. Журналист Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Амалдаги давлат тизимини ноқонуний ўзгартиришга оммавий чорлаш” моддаси билан айбланиб, уч йилга мажбурий ишга ҳукм қилинди (ҳисбда ушлаб турилган вақт туфайли у бир йилдан ортиқроқ ишлаб беришга мажбур бўлади). Қолган судланувчилар тўлиқ оқландилар.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги