17:06 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент шаҳрининг янги ҳокими дарахтларни кесишни ман қилди

09.05.2018 14:31 msk

Фарғона

Тошкентдаги дарахтларни кесиш ҳолати. «Фарғона» архиви фотоси
Тошкентнинг янги ҳокими Жаҳонгир Артиқхўжаев пойтахтдаги дарахтларни кесишни тақиқлади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беради.

Артиқхўжаев уч кунга дарахтдарни кесиш ишларини тўхтатди ва бу ишларни ўз назоратига олди. Ахборот хизмати хабарида дарахтларни кесиш “тартибсизлик” деб аталиб, бундай ноқонуний ҳаракатларни амалга оширганларга нисбатан жазо қўлланиши маълум қилинади. «Бир неча ўй йил шаҳримизни чиройига чирой бағишлаб турган дарахтларни аёвсиз кесиб ташланаётганлигига кескин барҳам бериш мақсадида, масъул бошқарма ва ташкилотлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилади», - дейилади маъмурият хабарида.

Шунингдек, хокимят мутасаддилари аҳолини бундай ҳолат юзасидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишонч телефонига - 277−75−43 ёки Ички ишлар идораларга - 233−72−33 қўнғироқ қилиб хабардор қилишга чақиради. «Бу билан сиз халқимизга тегишли бўлган бойликни талон - тарож қилинишини олдини олган бўласиз! Ҳурматли ҳамшаҳарлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги сизларни ушбу ишларда фаол бўлишингизни сўрайди», - дейилади ҳужжатда.

Шу йилнинг апрель ойи сўнггида Тошкентда ҳоким ўзгарди. Пойтахтни етти йил давомида бошқарган Раҳмонбек Усмонов ўрнига Akfa компаниясининг раҳбари Жаҳонгир Артиқхўжаев ҳоким этиб тайинланди.

Тошкент шаҳри аҳли мана бир неча йиллардан бери дарахтларнинг кесилишига нисбатан норозилик билдириб келади. Бу борада Раҳмонбек Усмонов чинорларни кесганликда қаттиқ танқид қилинган. Масалан, 2016 йили пойтахтнинг Чилонзор туманида 200 тупдан ортиқ улкан чинор дарахтлари кесиб ташланган. Усмонов даврида, ҳаттоки пойтахтнинг Ботаника боғидаги дарахтлар ҳам кесиб ташланганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги