17:07 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Озодликка чиққан Бобомурод Абдуллаев биринчи интервьюсини берди

08.05.2018 11:40 msk

Фарғона

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов , ишбилармон Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевни озод қилди. Абдуллаевдан ташқари учта шахсга нисбатан жиноий иш тўхтатилди. Суд қарорига кўра, Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 - моддасининг 3 - қисми (“Амалдаги давлат тизимини ноқонуний ўзгартиришга оммавий чорлаш”) билан айбдор деб топилди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ўтказиш йўли билан уч йиллик мажбурий меҳнатга тортилди.


Бобомурод Абдуллаев. Тимур Карпов олган сурат, «Фарғона»

Абдуллаев 2017 йил сентябрь ойи охиридан ҳибсда бўлгани боис, ушбу муддат уч йилдан айриб олинди ва энди журналист 1 йил 1 ой 27 кун ишлаб беради.

Суд мажлиси зали одамларга тўла эди. Бу ерга судланувчиларнинг қариндошлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналист ва кузатувчилар йиғилгандилар. Суд қарори ўқилиши давомида судланувчилар қўлидан қишан ечилиб, озод қилина бошланди. Дастлаб судя Равшан Салаевга нисбатан суд ҳукмини ўқиб эшиттирди: айбсиз деб топилсин, оқлансин ва суд залида озод қилинсин. Залда қарсаклар янгради, Салаев қўлидан кишан ечилди ва у кузатувчилар қаторига ўтди.

Зал тинчланиб олишини кутган судя ҳукм ўқишда давом этди. Кейинги оқланган шахс Шавкат Оллоёров бўлди, кейин Насриддинов озод этилди.


Ҳаётхон Насриддинов. Тимур Карпов олган сурат, «Фарғона»

Ҳакам Абдуллаевни озод этиш ҳақидаги суд қарорини ўқиганда залда гулдурос қарсаклар янгради. Кузатувчилар шок ҳолатига тушиб қолдилар, бу қарор улар учун сенсация эди.

Суд айбланувчининг ҳисбга олинганида, тинтув қилинганда ундан тортиб олинган буюмларини қайтариб берилиши ҳақида қарор чиқарди.


Бобомурод Абдуллаев оиласи ва дўстлари қуршовида. Тимур Карпов олган сурат, «Фарғона»

Судя, шунингдек, тергов даврида процессуал нормалар бўзилганига эътибор қаратди, бу борада Бош прокуратурага хизмат текшируви ўтказиш тавсия этилди.

Ҳакам суд жараёнига ҳалақит бермаганлиги учун залдагиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.


Бобомурод Абдуллаев рафиқаси билан. Тимур Карпов олган сурат, «Фарғона»

Суд ҳукми ўқилгандан сўнг Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров “Фарғона”га суд қароридан норози эканини айтди:

- Шахсан мен норозиман. Суд қарори устидан ариза берамизми, йўқми, бу Бобомуродга боғлиқ. Мен уни жиноят содир этмаган ва тўлиқ оқланишини керак, деб ҳисоблайман. Албатта, бу ерда содир бўлган воқеа одилсудлов соҳасида юз берган улкан ғалабадир.


Бобомурод Абдуллаев

Абдуллаевнинг ўзи ҳозирча суд қарори устидан ариза бермаслик фикрида. У журналистларга шундай деди: «Эркинликка чиққаним, суд жараёни очиқ ҳолатда ўтгани - бу президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган либерал сиёсатнинг илк мевасидир. Мен суд қароридан мамнунман. Мен озодликка тирик етиб келганимдан ҳурсандман. Шавкат Мирзиёевга, судга катта раҳмат».