09:45 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғоналик пенсионер онахон ҳажга йиққан пулларини маҳалла учун сарфлади

08.05.2018 11:37 msk

Фарғона

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги 81 ёшли Зебунисо она Аҳмедова ҳаж зиёрати учун йиллар давомида жамғарган 50 миллион сўмдан ($6250) ортиқ маблағига ўзи яшаётган Янгиобод маҳалласи аҳолиси учун тоза ичимлик суви чиқартириб берди. Ўн бир нафар фарзандни вояга етказган онахондан бугун маҳалла аҳли жуда хурсанд, деб ёзади  «Халқ сўзи» газетаси


Зебунисо она Аҳмедова яқинлари билан. «Халқ сўзи» фотоси

«Динимиз арконларига кўра, ҳаж зиёратига борган одамнинг оиласида эҳтиёжи ва қарзи йўқ, тўқ ва тўкин бўлиши керак экан, — дейди Зебунисо ая. — Маҳаллам ҳам менинг оилам. Улар қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунларида уч чақирим наридан сув ташиб келишаётганда, мен қандай қилиб бемалол ҳаж зиёратига бораман. Ёш келинларимизнинг қийналаётганлигини кўрсам юрагим эзилиб кетади. Тўғриси, буни ўзимга қабул қила олмадим», - дейди Зебунисо она Аҳмедова.

Зебунисо она яшаётган Янгиобод маҳалласида авваллари таъмирталаб аҳволга келиб қолган сув тармоқлари мавжуд. Бироқ ер ости қувурларининг яроқсиз аҳволга келиб қолиши натижасида сув босими жуда пасайиб кетди. Зебунисо ая Аҳмедованинг ташаббуси билан янги қудуқ кавланиб, маҳалладошлари хонадонларига зилол сув кириб борди. Шу билан бирга, ҳудуддаги 49-умумтаълим мактаби, оилавий поликлиника ва 6-мактабгача таълим муассасаси ҳам барқарор сув таъминоти билан таъминланди.

Аҳмедова тарихи Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Норбиби она Дўстмуродова воқеасини ёдга солади. Бу онахон ҳам ҳаж учун йиққан пулларини 2015 йили қишлоқдошлари ҳаётини енгиллатиш, ёмғир мавсумида йўлларни ювиб кетаётган сел сувларини айириш учун қурилмаларга сарфлаганди.

Ичимлик сувига келсак, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил апрель ойида мамлакатда ичимлик суви таъминоти ва канализацияларни модернизация қилиш ишларига 2017−2021 йиллар давомида 4,8 трлн сўм ($600 млн) сарфлашни ваъда берганди. Бу билан Ўзбекистон аҳолисининг 84 фоизи марказлашган сув таъминотига эга бўлади. Қолганлар қудуқ, булоқ ва келтирилган ичимлик сувларидан фойдаланишга мажбур бўладилар. Расмий маълумотларга кўра, 2017 йил май ҳолатига биноан мамлакатнинг 69 та шаҳри, 335 та посёлкаси ва 2902 та қишлоқ пунктлари аҳолисининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ерости сув захиралари ҳисобига қондирилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги