17:14 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари вазифасига собиқ ЕТТБ лойиҳалар раҳбари тайинланди

07.05.2018 14:47 msk

Фергана

Отабек Назиров. Mininnovation.uz сайти фотоси
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари этиб 20 йил хорижнинг молиявий тузилмаларида иш олиб борган 43 - ёшли Отабек Назиров тайинланди, деб хабар беради мазкур вазирлик-нинг матбуот хизмати.

Отабек Назиров 1975 йили Тошкентда туғилган. АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Стоуни-Брук Давлат Университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган. У турли йиллари АҚШнинг GOLDMAN SACHS GROUP, Москвадаги ТРОЙКА ДИАЛОГ ва БАНК МДМ, Вашингтондаги THE AVACENT GROUP ҳамда Нью-Йоркдаги JP MORGAN CHASE компанияларида ҳам фаолият юритган. У монетар сиёсат, банк тизими, бюджет сиёсати, солиқ тизими, ижтимоий хизматлар, пенсия таъминоти, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, шунингдек демография ва аҳоли бандлигини тадқиқ этиш бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш масалалар билан шуғулланади.

Вазир ўринбосари сифатида фаолиятини бошлагунига қадар Отабек Назиров Лондондаги Европа тикланиш ва тараққиёт банкида саноат секторига инвестицияларни киритиш бўлимининг Бош Ҳудудий Банкири лавозимида ишлаган. Саноат, кўчмас мулк, фармацевтика саноати, кимё, қурилиш материаллари ва халқ истеъмоли моллари каби иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестициялар киритиш бўийча 50 дан зиёд лойиҳаларни ишлаб чиққан ва молиялаштирган. Қозоғистон, Мўғилистон, Беларусь, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон бўйича лойиҳаларни бошқарган ва мувофиқлаштирган.

Айтиш жоиз, ЕТТБ ва Ўзбекистон муносабатлари осон кечмаган. У 1991 йили бошланиб, кейинги 16 йил ичида Европа банки Ўзбекистондаги 54 лойиҳага сармоя қиритган ва унинг миқдори 823 млн еврони ташкил этган. 2003 йили Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукуматини авторитар тизим, давомий иқтисодий ислоҳотлар олиб бормаслик бўйича танқид қилади, мамлакатда сўз эркинлиги йўқлиги, қамоқхоналарда маҳкумлар қийноқларга солинаётганига эътибор қаратади. Банк ҳукуматни мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий ҳолатни яхшилашга чақиради. 2007 йили ЕТТБ Ўзбекистонга охирги бор кредит беради. Унинг Ўзбекистон билан муносабати деярли тўхтайди. Алоқалар 2017йили, мамлакатга Шавкат Мирзиёев раҳбар бўлганидан сўнг яна тиклана бошлайди.

Мирзиёев бир неча бор хорижда яшаётган ватандошларни Ўзбекистон ривожи йўлида ҳамкорликка чақирди. 2018 йили Buyuk Kelajak эксперт гуруҳи тузилиб, унга Россия, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Швейцария, Бельгия, Дания ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги юздан ортиқ ҳуқуқ, молия, саноат, фан, маориф ва тиббиёт соҳасидаги ўзбекистонликлар аъзо бўлдилар. Кенгаш одамларнинг турмуш даражасини кўтариш, инсон капитали сифатини орттириш, ўзоқ муддатли инвестиция бозорини шакллантириш, Ўзбекистондаги давлат ҳокимияти институтларини ислоҳот қилиш бўйича ишлар билан шуғул бўлади.

Отабек Назиров ҳақида маълумотлар кам. У чет эллик мутахассис тоифасида ишлар олиб борса ажабмас. Кейинги йиллар Ўзбекистон ҳукумати бу тоифадаги мутахассисларни фаол ишларга жалб қилмоқда. Жумладан, Информация технологиялари вазири ўринбосари лавозимига Жанубий Корея ҳукуматининг собиқ ходими Ким Нам Сок жалб этилди. Бошқа жанубий кореялик мутахассис Ким Ён Се меҳнат вазирлигида маслаҳатчи бўлиб, жарроҳ Юн Тэк Рим соғлиқни сақлаш визирлигида маслаҳатчи лавозимида иш юритмоқда. 2017 йил ноябрда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Turkish Airlinesнинг собиқ вице-президенти Орхон Сиврикайни ривожланиш бўйича маслаҳатчи вазифасига ишга олди. Ўзбекистондаги солиқ тизими бўйича ислоҳот лойиҳаси ишларига Грузиянинг собиқ бош вазири Ника Гилаури жалб қилинди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги