14:09 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

5 майдан Бишкек-Тошкент йўналиши бўйича автобуслар қатнай бошлайди

04.05.2018 14:13 msk

Фарғона

Бишкекдаги авто-вокзал. Mapio.net сайти фотоси
Қирғизистон транспорт ва йўллар ва-зирлиги ҳузуридаги «Қирғиз автобекети» корхонаси 5 майдан Бишкек-Тошкент халқаро автобус рейсини ишга туширади. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Қиличбек Дўсумбетов сўзларига таяниб 24.kg хабар беради.

Катталар учун чипта нархи 1000 сўм ($14,4), беш ёшдан юқори болалар учун — 500 сўм ($7,2), беш ёшгача бўлган болалар учун йўлкира бепулдир. Юк жойи учун 200 сўм ($2,9) тўланади. Чипталар қирғиз пойтахтининг Ғарбий автовокзали кассаларида сотилмоқда. Автобуслар маҳаллий вақт билан соат 22.00 йўлга чиқиши белгиланган.

Автобус қатновларини тиклаш қарори 2018 йил январда бўлиб ўтган халқаро автомобиль йўналишлари соҳасидаги ҳамкорликка доир музокаралар якунида қабул қилинди. Шунингдек, Андижон-Ўш ва Фарғона-Ўш йўналишлари бўйича ҳам автобуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг ён қўшнилари билан алоқаси узоқ йиллар Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов туфайли танг аҳволга келиб қолганди. 2011 йили ўзбек томони ҳаттоки Тожикистонга борадиган темир йўлини бузиб ташлайди. 2016 йил декабрда Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангандан сўнг, қўшни республикалар билан алоқалар тиклана бошланди. Жумладан, 2017 йил декабрь ойида Бишкек - Тошкент авиарейслари ишга туширилди. Жорий йилнинг февраль ойи охиридан Тошкентдан Қирғизистоннинг Балиқчи шаҳрига пассажир поездлари қатнай бошлади.

2017 йил февралда кейинги 25 йил ичида илк бор Тошкент ва Душанбе ўртасида авиапарвозлар амалга оширила бошланди. 2018 йил январь ойида Тошкент-Шимкент автобус қатнови яна тикланди. Шу йилнинг апрель ойидан Тошкен-Олма-Ота шаҳарлари бўйича автобуслар қатнай бошлади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги