14:10 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек ишбилармони Ғофур Раҳимов ўз исмини АҚШ Молия вазирлиги қора рўйхатидан чиқариш ниятида

04.05.2018 14:11 msk

Фарғона

Ғофур Раҳимов. Today.kz сайти фотоси
Халқаро кўнгилли боксчилар ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчиси ўзбек бизнесмени Ғофур Раҳимов ўз исмини АҚШ Молия вазирлиги қора рўйхатидан чиқариш бўйича ҳаракатни бошла-ган. Бу тўғрида маълумот спорт ташкилоти сайтида эълон қилинган.

Шу боис AIBA раҳбари Вашингтонгдаги Ferrari&Associates ва Лондондаги Carter-Ruck адвокатлик идораларини бу ишга ёллаган. Яқин орада юристлар АҚШ Молия вазирлигининг чет эл активлари назорати бўлимига илтимоснома юборадилар. Адвокатлар иложи борича Раҳимов номини қора рўйхатдан чиқаришга ҳаракат қиладилар.

Бу ишларнинг ижобий ҳал бўлишига Лондоннинг Юксак суди ва Жанубий Уэльс (Австралия) Олий суди ОАВ да тарқатилган Раҳимовнинг собиқ Совет Иттифоқидаги криминал етакчилари билан алоқадорлиги ҳақидаги материалларни асоссиз деб тан олгани мисол бўлиши мумкин.

Аризада, шунингдек, ўзбек ишбилармони Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов томонидан сиёсий таъқиб остига олингани ҳақида сўз юритилади.

Ҳужжатда Ғофур Раҳимовнинг ҳеч қандай криминал гуруҳлар билан алоқадор эмаслиги ҳақидаги сўзлари келтирилади. АҚШ Молия вазирлиги айбловларига қарамасдан, Раҳимов бокс ассоциацияси бошқарувини яхшилаш, унинг молиявий барқарорлигига эришиш йўлида астойдил хизмат қилмоқда.

Ғофур Раҳимов 2012 йили “Ўзбекистондаги уюшган жиноий гуруҳ етакчиларидан бири” саналиб, АҚШ ғазнахонасининг қора рўйхатига киритилган, шунингдек, у Circle members (Биродарлар ҳалқаси) жиноий гуруҳига алоқадор «героин савдосидаги муҳим одам» сифатида айбланади. 2017 йил декабрида АҚШ Молия вазирлигининг янгиланган санкция рўйхатида ишбилармоннинг номи ҳам келтирилган.

2018 йил январь ойида Раҳимов AIBA президенти вазифасини бажарувчиси лавозимини эгаллади. Кейинчалик бокснинг Олимпия дастурларидан чиқарилиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Раҳимовнинг адвокати Юрий Кузнецов Халқаро Олимпия қўмитасининг бу нияти унинг мижози билан эмас, AIBAнинг собиқ раҳбари Чинг-Куо Вунинг ноўрин молиявий сарф-ҳаражатлари билан боғлиқ эканини маълум қилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги