16:47 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ суди ўзбекистонликни айбдор деб топди

03.05.2018 12:37 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик Бахтиёр Жумаев РФ ва қатор мамлакатларда тақиқланган “Ислом жиҳоди иттифоқи” террорчи гуруҳига молиявий ёрдам берганликда айбдор деб топилди. АҚШ Федерал суди 30 апрель куни шундай қарор чиқарган, деб хабар беради The Denver Post газетаси.

АҚШда террорчиликда айбланаётган ўзбекистонликлар устидан суд жараёни. Centralasian.org сайти сурати
АҚШ прокурори ёрдамчиси Грегори Холлоуэй судда 2012 йили Федерал Қидирув Бюроси (ФҚБ) Жумаевдан террорчиларга ёрдам берганлик тўғрисида иқрорнома олганини маълум қилди. Ўзбекистонликнинг адвокати Дэвид Бэрри Савиц ҳимояси остидаги шахснинг дўстига ўтказган 300 доллари бу қарз экани, ФҚБ олган иқрорномаси айбланувчининг қўлга тушиб, қўрққанидан берган кўрсатмаси натижаси эканини таъкидлади. Террорчилар гуруҳи билан алоқадорликда 2012 йили Чигакода қўлга олинган ўзбекистонлик Жамшид Мухторов ҳам айбланади. Махфий хизмат маълумотларига кўра, Жумаев Мухторовнинг яқин дўсти ва айнан у террорчилар гуруҳига маблағ ўтказган.

“Ислом жиҳоди иттифоқи” гуруҳи - “Ислом жиҳоди иттиҳоди”, “Ислом жиҳоди мужоҳидлар жамаати” деб ҳам номланади ва бу гуруҳ Афғонистон ва Покистонда тан олинмаган Вазиристон давлатида жойлашган террорчи жангари ташкилотдир. У Афғонистон, Ўзбекистон ва Германия ҳудудида қўпорувчилик ишларини амалга оширган.

Бахтиёр Жумаевга нисбатан суд қарори 18 июлда эълон қилинади. У 2012 йили март ойида Филаделфия шаҳрида қўлга олинган.

Ўзбекистонлик қочқин Фазлиддин Қурбонов 2015 йили “Ўзбекистон Ислом ҳаракати”га моддий ёрдам кўрсатганлик, Америка ҳудудида террорчилик ҳаракатини амалга ошириш учун бомба тайёрлашда айбланиб суд қилинган ва 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2017 йил ноябрда Америка суди Ўзбекистон фуқароси Абдурасул Жўрабоевни 15 йилга эркинликдан маҳрум қилади. 2018 йил январь ойида Нью-Йоркда одамларни машинада атайин бостирган Сайфулло Соипов ўлим жазосидан қочиш учун қўйилган айбларни бўйнига олган. Унинг жинояти оқибатида саккиз одам ҳалок бўлиб, 12 нафар бегуноҳ инсон қаттиқ жароҳатланганди.

Soufan Center эксперт гурухининг ҳисоб-китобларига кўра, қатор давлатларда тақиқланган «Ислом давлати» томонида тўққиз мингга яқин собиқ СССР республикалари фуқаролари жанг қилмоқда, улардан бир ярим минг нафари ўзбек фуқароларидир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги