14:07 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Туркия билан ҳамкорликни кенгайтиради ва Туркий давлатлар кенгашига аъзо бўлади

03.05.2018 12:27 msk

Фарғона

Ўзбекистон ва Туркия давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгашини тузади. Бу ҳақдаги келишув 30 апрель куни икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған учрашувида имзоланди, деб хабар қилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.


Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Эрдоған давлат ташрифи билан 29 апрель куни Ўзбекистонга келди. Ўзбекистон президентининг Кўксарой қароргоҳида дастлаб кичик, кейин кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказилди. Учрашувлар якунида Мирзиёев музокаралар “дўстлик ва биродарлик” асносида ўтганига урғу берди. «Биз Туркия Республикасини улкан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятга эга йирик мамлакат, деб ҳисоблаймиз. Унинг жаҳондаги нуфузи тобора ортиб бормоқда. Ота юртингиз эшиклари сиз - қардошларимиз учун доимо очиқдир», - деди Ўзбекистон президенти.

Кенгайтирилган музокарада томонлар Мирзиёвнинг Туркияга ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш 30 фоизга ошиб, $1,5 млрд ташкил этгани таъкидладилар ва яқин йилларда бу кўрсатични $5 млрд етказишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон Туркияга енгил, кимё, металлургия саноати, электр техникаси, чарм- пойафзал, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтиришга тайёр. Стамбулдаги Ўзбек -Турк савдо уйи экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Томонлар транспорт коммуникациясини ривожлантириш, жумладан, савдо салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи Баку-Тбилиси-Карс темир йўли транзит тарифларини барқарорлаштириш муҳимлигига эътибор қаратдилар.

Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланди.

Ўз ташрифига изоҳ бераркан, Эрдоған Мирзиёевни “ қадрдон қардошим”, деб атади ва тарихан узвий боғланган Ўзбекистонга келишидан мамнун эканини айтди.

Жумладан, Мирзиёев Ўзбекистоннинг Стамбулда бош қароргоҳи жойлашган туркий давлатлар ҳамкорлиги Кенгашида иштирок этиш ниятини маълум қилди. «Биз Эрдоған жаноблари билан бу масалани узоқ муҳокама қилдик. Ташкилотга аъзо давлатлар қатори Ўзбекистон байроғи хам бу ерда хилпирайди. Ўзбекистон ташкилотнинг Бишкекда ўтадиган анжуманида иштирок этади. Бу ўта муҳим ва буюк қарордир», - Мирзиёев сўзларини келтиради «Анадолу» ахборот агентлиги.

Туркий давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ташкилот бўлиб, у Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркияни бирлаштиради. Ташкилот Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан 2009 йили 3 октябрда ташкил этилган. Кенгаш аъзолари қардош Ўзбекистон ва Туркманистон давлатларини тезроқ улар сафига қўшилишга чақирган. Лекин Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Кенгаш таклифига жавоб бермаган, Туркманистон эса ушбу ташкилотда кузатувчи мақоми билан чекланган.

Эрдоған ташрифи 1 май куни Бухоро сафари билан якунланади. Кейин Туркия президенти Жанубий Кореяга йўл олади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги