17:10 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Абдуллаев ишини кўраётган суд Муҳаммад Солиҳнинг «Фарғона»га берган интервьюсини маълумот ўрнида қабул қилди

26.04.2018 19:40 msk

Фарғона

Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётган Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаев ишини кўриб чиқаётган судя Муҳаммад Солиҳнинг “Фарғона”га берган интервьюсини маълумот ўрнида қабул қилишга рози бўлди.


«Фарғона» сайтидаги Муҳаммад Солиҳ интервьюсидан парча

Бу ҳақда суддан яна бир бор Муҳаммад Солиҳни гувоҳ сифатида чақиртиришни сўраган Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров ўз илтимосномасида баён қилди. Гап шундаки, ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган мухолиф сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг исми айбланувчилар ва айблов томони чиқишларида доим тилга олиниб келди: прокурор айбланувчиларнинг Солиҳ билан алоқаси ҳамда унинг “Жатва” лойиҳасидаги ўрни, шунингдек, Солиҳ бошқараётган Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайтида Абдуллаевнинг мақолалари эълон қилиниши тафсилотлари билан қизиқди.

Аввалги суд мажлисларидан бирида адвокат Майоров барча масалаларга аниқлик киритиш учун Солиҳни сўроқ қилишга чақиртиришни сўраганида, суд бундай илтимоснома киритишга ҳали эрта деб айтганди. Энди эса суд Майоровнинг илтимосномасини рад қилди, лекин, “Фарғона” чоп этган, суд ишига алоқадор ва ҳалигача аниқлик киритилмаган саволлардан иборат интервьюни маълумот сифатида қабул қилишга рози бўлди.

Суд ўз сўровномаларига жавоб олган, хусусан Ucell уяли алоқа операторидан ҳам: компаниядан гувоҳ Кенжа Мусанов телефон рақамига кирувчи ва чиқувчи қўнғироқлар рўйхатини тақдим қилиш сўралган. Ўтган суд мажлисларида гувоҳ ҳамда айбланувчилар Абдуллаев ва Насриддиновларнинг 2013 йил декабр ойида (скайп орқали Солиҳ билан алоқа қилинганда) ким кимга қўнғироқ қилиб, кимни учрашувга таклиф қилгани тўғрисидаги кўрсатмалар бир-биридан фарқ қилганди.

Суд Бобомурод Абдуллаевнинг аввалги суд мажлисларидан бирида ЎХҲ сайтидан олинган Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан ёзилган 142 та мақоладан қайси бири унга тегишли эканлиги ҳақида кўрсатмасини олди.

Бобомурод Абдуллаев президент Шавкат Мирзиёев номига мурожаатнома тайёрлагани ва айрим юридик ҳолатлар юзасидан ўз адвокати билан маслаҳатлашиб олиш истагини билдирди.

Сергей Майоров, шунингдек, ушбу ҳужжатларда тергов томонидан материалларни сохталаштириш далиллари мавжудлиги сабаб, суддан “Жатва” лойиҳаси матнларини Бобомурод Абдуллаев айбини исботлаш учун асоссиз далиллар деб топишни сўради. Аммо суд ушбу илтимосномани рад қилди ва бу ҳолатда айбсизлик презумпцияси принципидан келиб чиққан ҳолда иш кўришини таъқидлади: барча гумонлар айбланувчилар фойдасига ҳал бўлиши керак.

Суд, шунингдек, адвокат Майоровнинг, Бобомурод Абдуллаевнинг ёзма кўрсатмаларини экспертларга тақдим қилиш; комплекс суд экспертизаси давомида Абдуллаевга экспертларга тушунтиришлар бериш имконини бериш; Абдуллаевга суд экспертизасини ўтказиш жараёнида иштирок этишга рухсат бериш ва экспертлардан тадқиқотлар методи билан боғлиқ тушунтиришлар талаб қилиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирди.

Терговнинг барча камчиликлари айбланувчилар фойдасига ҳал бўлиши ҳақидаги сўзларига, судя яна бир бор Ҳаётхон Насриддиновнинг 2013 йил декабрь ойидаги ўзининг Солиҳ, Абдуллаев ва Мусановлар билан суҳбатининг аудио ёзуви ҳақидаги саволига жавобида тўхталиб ўтди. “Агар жиноят ишида ушбу аудио ёзув йўқ бўлса, у ҳолда бу ёзувнинг йўқлиги сизларнинг фойдангизга ҳал қилинади”, деб таъкидлади судя.

Навбатдаги суд мажлиси 30 апрель, душанба куни бўлиб ўтади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги