17:04 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жаҳон банки тез ёрдам тизимини яхшилаш учун Ўзбекистонга $100 млн кредит ажратади

26.04.2018 16:50 msk

Фарғона

Тошкентдаги “тез ёрдам” автомобили. Nuz.uz сайти фотоси
Жаҳон банки Ўзбекистондаги тезкор тиббий ёрдам (ТТЁ) тизимини яхшилаш учун $100 млн миқдорида кредит беради. Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки тасарруфидаги ташкилот) томонидан ажратилган кредит ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳа 25 апрель куни ЖБ ижрочи директорлари кенгаши томонидан маъқулланди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ТТЁ тизимини яхшилаш оқибатида йилига 6 миллион мижозга малакали тиббий ёрдам кўрсатилиш имкони пайдо бўлишини таъкидлади. Лойиҳада тезкор тиббий ёрдамига муҳтож турли даражада жароҳат олган мижозлар, ҳомиладор аёлларга ёрдам кўрсатиш асосий ўринни эгаллайди.

Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри ва ўн иккита вилоятда қўнғироқларни қабул қилиш, ТТЁ машиналарини йўналтириш, шифокорлар бригадаси фаолиятини назорат қилиш билан шуғулланадиган диспетчер марказлари тузилади. Тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида врач ва ҳамшираларнинг малакасини ошириш, 60 дона замонавий ТТЁ машиналарини сотиб олиш учун маблағ ажратилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда 18.300 одамга битта “тезкор тиббий ёрдам” машинаси тўғри келади. Амалдаги миллий стандарт бўйича 13.000 одамга битта машина талаб қилинади.

ТТЁ тизимини яхшилашга қаратилган мазкур инвестиция лойиҳаси 2018 йили Жаҳон банкининг Ўзбекистон учун молиялаштираётган тўртинчи лойиҳасидир, деб қўшимча қилди Мори. Йилнинг тўрт ойи ичида банк лойиҳалар доирасида мамлакатга $940 млн сарфлади. Ҳозирги пайтда Жаҳон банки Ўзбекистонда $2,8 млрд миқдордаги 17 лойиҳани амалга оширилиш учун ҳаракат қилмоқда. Лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, энергетика сектори, сув таъминоти, транспорт, маориф, тиббиёт ва санитарияни ривожлантиришга хизмат қилади.

2017 йил март ойида президент Шавкат Мирзиёев тезкор тиббий ёрдам тизимини яхшилашга доир фармонни имзолаганди. Ҳужжатда ТТЁ хизматининг паст даражада экани, малакали кадрлар, дори-дармонлар, тиббий ускуналар, махсус автотранспортларнинг етишмаслиги кўрсатиб ўтилганди.

Тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати 1998 йили Ислом Каримов фармони билан ташкил этилганди. Хизматнинг бош бошқармаси Тошкентда жойлашган бўлиб, унинг жойларда 12 филиали ва 172 бўлимлари мамлакатнинг аҳоли пунктларида фаолият юритади. Қонун бўйича республика маркази ва унинг филиаллари аҳолига бепул тезкор тиббий ёрдам кўрсатиши керак.

2017 йили республикадаги ҳусусий тиббий ташкилотлар беш йилга барча турдаги солиқлар, шунингдек, олиб кириладиган тиббий ускуналар учун божхона тўловларидан озод этилди. 2018 йил январда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг барча тиббиёт муассасалари, ҳусусий тиббий ташкилотлар аҳолига бепул тезкор тиббий ёрдам кўрсатиши тўғрисида қарорни имзолади.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги