17:05 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон вилоятларида жамоат транспортларидаги йўлкира нархи оширилади

26.04.2018 16:00 msk

Фарғона

Андижондаги автобус. Gazeta.uzсайти фотоси
Ўзбекистон вилоят ҳокимликлари жамоат транспортларидаги йўлкира ҳақини ошириш ниятидалар. Йўлкира тарифларининг оширилишига Молия вазирлигининг хати асос қилиб олинган, деб хабар беради Kun.uz.

Наманган вилоят ҳокимлиги томонидан киритилган қарор лойиҳасига кўра, Наманганда 2018 йилнинг 1 май санасидан эътиборан жамоат транспортида йўлкира ҳақи 1000 сўм ($0,12) этиб белгиланади. Ҳозирги вақтда Наманганда автобусларда йўлкира ҳақи 500 сўмни ($0,06) ташкил этмоқда.

Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан киритилган қарор лойиҳасига кўра, Андижон шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатаётган автобус йўналишлари учун йўл кира нархлари 1000 сўм ($0,12) этиб белгиланади. Андижон шаҳар ҳудудида фаолият кўрсатаётган йўналишли таксилар учун йўл кира нархлари 5 километргача бўлган масофага— 1000 сўм ($0,12) миқдорида; 5 километрдан юқори бўлган масофа учун – 1500 сўм ($0,18) этиб белгиланиши назарда тутилган.

Қарши шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ташиш хизматларининг чекланган тарифи «Дамас» русумли автотранспорт воситалари учун йўлкира ҳақи бир йўловчи учун 1500 сўм ($0,18), «Исузу» автобусларига 1000 сўм ($0,12) этиб белгиланган. Ушбу қарор ҳокимликнинг расмий веб-сайтига эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Қорақалпоғистон Республикасида қуйидаги тарифлар ўрнатилган: бир марталик автобусда йўловчиларни ташиш хизмати тарифи 900 сўм ($0,11) ва йўналишли таксида йўловчиларни ташиш хизмати тарифи 1000 сўм ($0,12) миқдорида белгиланган.

Аввал хабар берилганидек, Самарқанд шаҳрида жамоат транспортлари учун йўлкира ҳақи 20 апрелдан эътиборан 1200 сўм этиб белгиланган эди. Самарқанд шаҳрида йўлкираси 900 сўм ($0,11) автобус ва йўлкираси 1000 сўм ($0,12) бўлган трамвайлар 19 апрелдан бошлаб йўловчилардан йўлкира учун 1200 сўм ($0,15) олишмоқда.

Ҳозирги пайтда жамоат траспортларидаги энг катта нарх Тошкент ва Самарқандда ўрнатилган – 1200 сўм ($0,15). Чирчиқда (Тошкент вилояти) йўлкира ҳақи 800 сўм ($0,09), Ургенч ва Бухорода – 700 сўм ($0,08), Қўқонда (Фарғона вилояти) – 600 сўмни ($0,07) ташкил этади. Фарғона, Риштон (Фарғона вилояти) ва Термиз шаҳри аҳолиси жамоат траспортида юриш учун 500 сўм ($0,06) тўламоқда.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги