16:43 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Душанбега парвозларни тўхтатиши мумкинлигини маълум қилди

25.04.2018 15:23 msk

Фарғона

«Ўзбекистон авиалинияси» самолёти. Компания матбуот хизмати фотоси
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси Тошкентдан Душанбега бўлган авиапарвозларнинг рентабел эмаслиги боис, уларни тўхтатиш масаласини кўрмоқда, деб хабар беради Тожикистон авиакомпанияси ваколатхонаси раҳбари Орифжон Рўзимуродов сўзларига таянган ҳолда «Азия-плюс».

Рўзимуродов таъкидлашича, 2017 йил ўзбек томони Тожикистон авиация соҳаси раҳбариятига Душанбе аэропорти хизматига айрим чегирмалар бериш илтимоси билан чиққан. «Бироқ, шу кунгача жавоб берилмади. Бундан ташқари, ўтган йилнинг 1 октябридан бошлаб Душанбе аэропорти кўрсатадиган хизматлари тарифи 20 фоизга кўпайтирилган”.

Бу давр мобайнида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси Тошкент-Душанбе авиарейси чипталар нархини $148 дан $80 камайтирган. Бу чора икки мамлакат аҳоли даромадларига тўғри келиши учун кўрилган. «Биз параллел равишда аэропортлар хизмати тарифини камайтиришга ҳаракат қилдик, лекин бу иш амалга ошмади ва компания ўзига зарар келтирган ҳолда Душанбега парвозлар уюштиришга мажбур бўлди», — деб вазиятга баҳо берди авиакомпания вакили.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳозирда ҳафтада бир марта (шанба кунлари) икки мамлакат пойтахтлариаро парвозларни амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўтган йил апрель ойида Тошкент — Душанбе йўналиши бўйича доимий авиарейсларни амалга ошира бошлаганди. Бунга қадар 25 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиапарвозлар бўлмаган. Парвозлар 1992 йили Тожикистонда фуқаролик уруши бошланганда тўхтатилган.

2016 йил кузига қадар Тошкент ва Душанбе ўртасида авиарейсларни очиш масаласи ўз ечимини топмаганди. Вазият Шавкат Мирзиёевнинг ҳукумат тепасига келганидан бошлаб яхши томонга ўзгара бошлади. Дастлаб Тошкент мамлакатлар ўртасида авиаалоқаларни тиклашга тайёр эканини маълум қилди, 2016 йил декабрь сўнггида эса томонлар 2017 йил биринчи ярим йилликда авиапарвозларни тиклаш бўйича протокол имзоладилар. 2018 йил март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега қилган расмий ташрифи чоғида икки мамлакат ҳаво алоқаларига доир Битим имзоланди. Бундан аввал томонлар Тожикистон шаҳарларидан Самарқанд ва Бухорога парвозлар уюштириш масалаларини кўриб чиққандилар.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги