17:12 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек-тожик чегарасида 18 та чегара ваколатхонаси ишга туширилади

25.04.2018 15:03 msk

Фарғона

Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги қўриқлаш бўлими. Tajikta.tj сайти фотоси
Тожикистон парламентининг Қуйи палатаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9-10 март кунлари Душанбега ташрифи доирасида имзоланган чегара вакиллари фаолиятига доир ҳукуматлараро Битимни ратификация қилди. Ҳужжат Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида 18 та чегара ваколатхонасини очишни кўзда тутади, деб хабар беради «Азия-плюс».

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Мансуржон Умаровнинг сўзларига кўра, Тожикистон олтита ваколатхона очади, қолган 11 ваколатхонани Ўзбекистон ишга туширади. Бу ташкилотлар жойларда пайдо бўладиган бахс ва мунозараларни тезкор ҳал қилиш ишлари билан шуғулланади.

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов даврида чегара масаласи икки давлат ўртасидаги энг кескин муаммолардан бири эди. Шавкат Мирзиёевнинг президент бўлиб сайланганидан кейин мазкур масалалар ўз ечимини топа бошлади. Жумладан, икки мамлакат чегарасида 10 та ўтказиш пункти ишга туширилди. Шу йилнинг феврал ойида чегаранинг тўртта бахсли участкаси бўйича келишув имзоланди.

Апрель ойи ўрталарида миналаштирилган чегара ҳудудларини миналардан тозалаш ишлари май ойида бошланиши маълум бўлди. Миналаштирилган чегарадош ҳудудлари ҳозирча сирлилигича қолмоқда, лекин миналардан тозалаш ишлари бошланганда, жараённи ёритиш учун оммавий ахборот воситалари вакилларини таклиф қилиш ваъда қилинган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги