17:04 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали ўз жойига қайтарилади

24.04.2018 16:22 msk

Фарғона

Шомаҳмудовлар оласига бағишланган ҳайкал. Asiaterra.info сайти фотоси
Иккинчи жаҳон уруши даврида 15 нафар етим болани боқиб олган Шомаҳмудовлар оиласи жамланган ҳайкал яна Тошкентнинг марказига қайтарилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимятининг расмий сайтида хабар берилади.

«23 апрель куни «Истиқлол» санъат саройи олдидаги майдонда реконструкция ишлари бошланди. Яқинда бу ерга халқлар дўстлиги тимсолига айланган Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкали қайта ўрнатилади», - дейилади хабарда.

«Халқлар дўстлиги» деб номланган ҳайкал 2008 йили апрелда Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев бошчилигида пойтахт четига кўчирилганди. Бу воқеа жамиятда катта норозиликларни келтириб чиқарганди. Монументни кўчириш ишларини «Халқлар дўстлиги» санъат саройининг «Истиқлол» номига алмашуви билан изоҳлашган.

Ўтган йили ҳайкал Дўстлик ҳиёбонига ўрнатилганди. Унинг очилиш маросими 9 майда бўлиб ўтган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида темирчи Шоаҳмад ва унинг рафиқаси Баҳри Шомахмудовлар 15 нафар етим қолган болаларни ўз қаноти остига оладилар. Уларнинг ичида рус, беларус, молдован, украин, яҳудий, латиш, қозоқ, татар миллатига мансуб болалар бўлган. Мазкур воқеа Раҳмат Файзийнинг «Его величество Человек» (“Инсон жаноби олийлари” романининг ёзилиши ва «Сен етим эмассан» фильмининг яратилишига асос бўлган.

Уруш даврида ўзбек оилалари минглаб етим қолган болаларни асраб оладилар. Масалан, Х.Самадов оиласи ўн учта болани, Ф.Қосимова ўнта болани ўз оиласига қабул қилади.

Темирчи Шомаҳмудовлар оиласини тасвирловчи ҳайкаллар композицияси 1982 йили 26 майда Тошкентнинг марказида ўрнатилган. Унинг яратилишида ҳайкалтарош Д.Рябичев, ахтитекторлар Л.Адамов, С.Одилов ҳисса қўшган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги