17:05 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2018 йилнинг биринчи кварталида Ўзбекистон бюджетидан $4 млн ўғирланган

20.04.2018 18:03 msk

Фарғона

Ўзбекистон Молия вазирлиги биноси. Nuz.uz сайти фотоси
2018 йилнинг биринчи кварталида Ўзбекистонда $4 млн (33 млрд сўм) дан зиёд ўғирлик, камомад ва бошқа мақсадсиз пулларни сарфлаш ҳолатлари аниқланган. Ўзбекистон Молия вазирлиги шу давр ичида олиб борилган давлат молиявий назорат тадбирлари якуни бўйича ҳисобот берди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан 127 та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 94 тасида 5,2 млрд.сўм ($644 минг) камомад, ўзлаштириш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланган. Ўтказилган жами 844 та назорат тадбирларидан 661 тасида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 33,0 млрд.сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 5,1 млрд.сўмни, ноқонуний харажатлар 24,8 млрд.сўмни ($3,07 млн) ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан мақсадсиз ишлатилган маблағлар 3,2 млрд.сўмни ($396 минг) ташкил этгани аниқланган.

Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида 650 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган. Шунингдек, текширувлар натижасига кўра, 9,2 млрд сўм ($1,14 млн)ни ташкил этадиган 510 та бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш ҳолатлари аниқланган. Улардан 474 субъектлар бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига берилган. Мазкур бюджет ташкилотларининг 32 раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилган.

2017 йил январь ойида Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши кураш бўйича қонунни имзоланганди, февраль ойида эса Республика Бош прокурори Отабек Муродов бошчилигида коррупцияга қарши кураш идоралараро комиссияси тузилганди. Комиссиянинг ярим йиллик фаолиятига кўра, 1566 мансабдор шахсга нисбатан 1130 жиноий иш қўзғатилган.

2018 йил апрелида мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш ишларига БМТнинг тараққиёт Дастури ҳам келиб қўшилди. Ташкилот Ўзбекистон Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда коррупцияга қарши кураш бўйича қонунчиликни мукаммаллаштириш ва уни жаҳон андозаларига мослаштириш, давлат хизматчиларини тайёрлашда инновация қўлланмаларини ишлаб чиқариш, коррупцияга қарши кураш тадбирларига техник ёрдам кўрсатиш, жамиятда корррупцияга қарши бетоқатлик маданиятини шакллантириш бўйича уч йиллик лойиҳани амалга оширишга киришган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги