19:07 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон Ўзбекистонга цемент экспортини 16 баробарга оширди

20.04.2018 12:36 msk

Фарғона

Тожикистондаги цемент заводи. Avesta.tj сайти фотоси
2018 йилнинг биринчи кварталида экспорт қилинган 332 минг тонна цементнинг ярмисини Ўзбекистон сотиб олди, деб хабар беради «Азия-плюс» Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазирлиги маъмотига таяниб.

Маълум бўлишича, ишлаб чиқарилган 322 минг тонна цементнинг 172 минг тоннаси Ўзбекистонга экспорт қилинган, 131 минг тоннаси Афғонистонга, 19 минг тоннаси Қирғизистонга жўнатилган. Ўзбекистонга экспорт қилинаётган экспорт хажми 16 баробар ортган бўлса, бу қўрсатгич Қирғизистонга нисбатан олти баробарни ташкил этади. Афғонистонга нисбатан экспорт ҳажми 9 фоизга камайган.

Ўтган йилга қараганда бу йил Тожикистон цемент экспортини 2,5 баробарга кўпайтирган (2017 йил биринчи кварталда 133 минг тонна цемент экспорт қилинган). Республикада жами бўлиб биринчи кварталда 774 минг тонна ушбу қурилиш материали ишлаб чиқарилган.

Цементнинг асосий қисми Хатлон вилоятида жойлашган «Чунгтсай Мохир цемент» (умумий хажмнинг 33%) ва «Хуаксин Гаюр цемент» (27%) тожик-хитой қўшма корхоналарида ишлаб чиқарилган. Сўғд вилоятидаги «Хуаксин Гаюр Сугд цемент» заводида умумий цемент миқдорининг 22%, Душанбедаги “Тожик цементи” да 8 фоизи тайёрланган.

Тожикистон кейинги йилларда Хитой билан қўшма корхоналар яратиш ҳисобига цемент ишлаб чиқариш хажмини анча оширган. Кейинги саккиз йил ичида хитойликлар цемент ишлаб чиқарилишини деярли ўн баробар кўпайтиришга ёрдам беришган. Масалан, ўтган йили Тожикистонда 3,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, республикада ушбу қурилиш материалини ишлаб чиқаришнинг кўпайтирилиши экологларни хавотирга солмоқда. Чунки цемент заводлари атроф-муҳитни заҳарлаб, аҳоли саломатлигига путур етказади.

Ўтган йили австралиялик мутахассис Дирк ван дер Клей ўзининг «Хитой ифлос саналмиш цемент ишлаб чиқаришни Тожикистонга кўчирмоқда» (China shifts polluting cement to Tajikistan) мақоласида «Тожикистон экологик офат ёқасига келиб қолиши мумкин, чунки цемент ишлаб чиқариш атроф-муҳитга катта зарар келтирадиган, заҳарли газлар манбаи бўлган саноат соҳасидир» деб таъкидлаган.

Кейинги йиллар Хитойда экология масаласига катта эътибор қаратадиган бўлдилар. 2017 йили Хитой табиат муҳофазаси вазирлиги инспекторлари мамлакатнинг 10 дан ортиқ провинцияларидаги 80 мингдан ортиқ заводга катта жарима солганлар. 2016 йили Хитойда табиатга катта зарар келтираётгани боис 50 мингдан ортиқ корхоналар ёпилган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги