17:32 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жиззахда милиция ходими ва маҳалла посбони тракторчини қаттиқ калтаклаган

17.04.2018 10:15 msk

Фарғона

Жабрланган эркак. Xabar.uz сайти фотоси
Жиззахнинг Ғаллаорол туманида ҳуқуқ-тартибот органининг икки ходими бир инсонни қаттиқ калтаклаган. Жабрланган инсонни шифохонага келтиришганини кўрган гувоҳ воқеани Xabar.uz нашрига гапириб берган.

Жиззах шаҳар шифохасига қариндошини кўргани келган бир инсон қуйидаги воқеанинг гувоҳи бўлади: клиникига автомобиль авариясига тушиб қолгандек оғир аҳволдаги бир инсонни келтиришади ва ундан негадир милиция ходими кечирим сўрайди. Гувоҳ ҳамшира қиздан нималар бўлаётганини қизиқиб сўрайди. Аниқланишича, участка нозири ва маҳалла посбони маст ҳолда йигитни роса калтаклашади, шундан сўнг уни шифохонага келтиришади. Нималар қилиб қўйганини англаб етган милиция ходими даволаниш ҳаражатларини бўйнига олишини ва тортиб олинган пулларни қайтариб беришни ваъда қилади.

Xabar.uz манбаси мазкур воқеанинг барча иштирокчилари исмларини аниқлайди. Калтакланган 31 ёшли тракторчи йигит Шуҳрат Замоновга операция қилиш зарурати туғилган. Ҳатто операция яхши натижа бермаслиги ҳам мумкин экан.

Xabar.uz таҳририяти жабрланганнинг укаси Дилшод Замонов билан боғланади ва унинг сўзларини келтиради:

— Акам, Замонов Шуҳрат Раҳматуллаевич, 1987 йилда туғилган. Фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлайди. Унинг эскироқ «Жигули» машинаси бор эди. 9 апрель куни эрталаб ишга кетаяпман деб чиқиб кетганди. Бизга маълум бўлишича, кечқурун, соат тахминан 21:00 да Ғаллаорол тумани «Кўкбулоқ» МФЙ ҳудудида унинг машинаси ўчиб қолган ва у мустақил равишда машинани юргизишга ҳаракат қилган. Шунда маҳалла участка нозири уни нимадир важ билан «Қўйтош» МФЙга олиб борган ва ҳудудий участка нозирига топширган. Айнан шу ерда участка нозири Э.О. ва И.А.лар ароқ ичиб ўтиришган бўлган. Улар акамни ҳам даврага ўтқазиб ароқ ичишга мажбурлашган, масхаралашган. Шундан кейин икки киши бўлиб акамни роса дўппослаганлар.

Кейин участка нозири ва посбон тракторчини шифохонага, ундан ўзларининг айбдор эмаслиги, жабрланган спиртли ичимлик ичиб, ўзи йиқилиб тушганини “исбот” қилиш учун келтиришган. Эртаси куни эрталабгина Замоновнинг яқинларига хабар берилади. Улар Шуҳратнинг қулоғидан қон кетгани, лаблари йиртилгани ва юзи қонталаш эканига гувоҳ бўладилар. Участка нозири ўзининг “Матиз” машинасида жабрланганни Жиззах вилоят шифохонасига келтиради. Врачлар дарҳол операция қилишиб, Шуҳратнинг бошидан 30 мл қотиб қолган қонни олиб ташлайдилар.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органи нозирлари бўлиб ўтган воқеада “Замоновнинг ўзи йиқилиб тушгани” версиясини тасдиқлаганлар. Жабрланганнинг қариндошлари сўзларига кўра, милиция шу тарзда ўз ходимлари айбини яширади.

Ўзбекистонда милиция ходимлари томонидан авваллари ҳам шундай зўравонлик ишлари содир этилган. Масалан, 2007 йили “Фарғона” Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида бўлиб ўтган мудхиш воқеани ёритган. Ўшанда Акмал исмли милиция раҳбари ўринбосари учта вояга етмаган боланинг онасига пичоқ уради, кейин ҳамкасблари кўмагида жиноятни яшириш учун аёлни бирор тиббий ёрдамсиз катта кўча бўйига ташлаб кетади. Милиция ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида «Ўзбекистон: Қўқондаги машҳур оила мафиоз кучлар тизими қурбони бўлди» материалида ўқишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабрь ойида Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов йиллик ҳисобот берар экан, ҳуқуқ-тартибот органини инсонсевар, халқ ишонадиган органга айлантиришни ваъда қилганди. Вазир ИИВ соҳасида порахўр, зўравон, виждонсиз ходимлар борлигини ҳам тан олганди. Унинг сўзларига кўра, 20017 йили 201 нафар милиция ходимига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган, хизмат тартибини бузганлик учун 7500 милиционер жазоланган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги