02:06 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хориж кинорежиссёрлари Ўзбекистонда фильмларни суратга олишга даъват этилади

16.04.2018 17:49 msk

Фарғона

Ўзбекистонда дунё киноижодкорларини мамлакат ҳудудида фильмларни суратга олишга чорловчи махсус комиссия яратилди. Унинг таркибига “Ўзбеккино” миллий агентлиги, кинематографияни ривожлантириш Маркази ва ёш кинематографлар Иттифоқи вакиллари киритилди, деб хабар беради ЎзА.


Uzbekistanfilmcommission.com сайти фотоси

Комиссиянинг бош мақсади - Ўзбекистоннинг кино тасвири учун бой гўзал табиат манзараларини тарғиб этиш, мамлакатга сармояларни киритиш, чет эл кинокомпаниялари маҳсулотларини жалб қилиш ва янги ишчи ўринларини ташкил этишдан иборат. Шунингдек, комиссия Ўзбекистонда суратга олинган кино асарларини илгари сурган ҳолда, кинотуризм соҳасини ривожлантиришга ҳаракат қилади.

Хориж кинорежиссёрларини жалб қилиш мақсадида uzbekistanfilmcommission.com сайти яратилди. Бу ерда, жумладан, қадим шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро, Хивага бағишланган бўлимлар яратилган. Замонавий шаҳарлар саҳифасига Тошкент шаҳри суратлари киритилган. Шунингдек, сайтдан Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистонда мавжуд ажойиб табиат ландшафтлари тасвирлари ўрин олган.

Кинокомиссия май ойида бўлиб ўтадиган Канн фестивалининг Uzbekistan павильонидан жой олади. Жаҳон кинобизнесида ўз мамлакатини реклама қилиш учун ўзбекистонликлар Лос-Анжелес халқаро кинокомиссия ассоциациясига аъзо бўлишни режалаштирмоқдалар.

Мамлакат ҳудудида тасвирга олинган кино лойиҳалари давлат бюджетига каттагина даромад келтиради. Масалан, Шимолий Ирландиянинг табиати ва ландшафти “Тахтлар ўйини” сериали муаллифларини шунчалик мафтун қилгандики, оқибатда бу ерда йиллар давомида суратга олиш ишлари қизғин олиб борилган. Бу пайт ичида мамлакатда 2800 янги иш ўринлари яратилган, сайёҳлар оқими кўпайган. Шимолий Ирландия ғазнаси $206 млн.га бойиган.

Янги Зеландия ҳукумати ҳам киноиндустрия орқали яхшигина даромадларни кўлга киритган. Мамлакатда “Узук ҳукмдори: Узук биродарлиги” фильмининг суратга олиниши маҳаллий бюджетга $200 млн даромад келтирган. Бу ерда ҳатто кинони суратга олиш имкониятларини таҳлил қиладиган вазирлик тузилган.

Йил бошида Ўзбекистонда машҳур япон режиссёри Киёси Курасаванинг янги кинолентани суратга олиш ишларини бошлагани ҳақида хабар берилганди. Ўтган йили япон кино ижодкорлари бўлажак ишларни тасвирга олиш мақсадида Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга ташриф буюргандилар.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги