17:35 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон ва Ўзбекистон 12 йўналишда автобуслар қатновини йўлга қўйишга келишиб олди

16.04.2018 15:26 msk

Фарғона

Самарқанд автовокзали. Gosamarkand.uz сайти фотоси
Шу йилнинг май ойида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида 12 йўналиш бўйича доимий автобус қатновлари ишга туширилади, деб хабар беради Asia-Plus Ўзбекистон шаҳарларига рейсларни уюштирувчи Asian Express тожик компанияси вакилига таянган ҳолда.

Бу ҳақдаги келишув ўтган ҳафта Тожикистон транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон автомобиль агентлиги томонидан имзоланган. Автобуслар Душанбе шаҳридан Денов ва Термиз шаҳарларига, Панжикентдан Самарқанд ва Бухорога, Хўжанд шаҳридан Тошкент ва Фарғона шаҳарларига қатнайди. Шунингдек, автобуслар Шаҳритуздан Термизга, Исфара ва Конибодомдан Қўқон, Андижон ва Фарғона шаҳарларига йўл олади. Кейинги ҳафтада Тошкентда бўлиб ўтадиган транспорт ташкилотлари вакилларининг навбатдаги учрашувида рейслар сони ва чипта нархлари белгилаб олинади.

Чегарачилар йўловчиларни чегарадан ўтаётганда автобусдан тушиб, махсус чегара ва божхона кўриги йўлагидан ўтишлари тўғрисида огоҳлантиради. Йўловчилар назорат пунктларида ярим соат вақтдан ортиқ ушлаб турилмайди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги транспорт алоқаси Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қўшни давлат раҳбари билан бўлган мураккаб муносабати туфайли узилиб қолганди. Икки мамлакат ўртасидаги автобус ва авиа алоқалари 1992 йили тўхтатилган, 2011 йили эса ўзбек томони Тожикистонга элтувчи темир йўлини бузиб ташлаган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбари этиб сайланганидан сўнг, 2017 йил февралида 25 йиллик танаффусдан кейин Душанбе ва Тошкент ўртасида авиа алоқалари тикланди, 2018 йил март ўртасида 2001 йили амалга киритилган виза режими юмшатилди. 19 март куни Тожикистон парламенти келишувни тасдиқлади, ўзбекистонликлар визасиз Тожикистонда 30 кун муддат туриш имконига эга бўлдилар.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги