06:58 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқандда қадим Нана маъбудаси тасвирланган ноёб ёғоч панно топилди

16.04.2018 13:08 msk

Фарғона

Афросиёб шаҳарчаси. Kstrip.ru сайти фотоси
Самарқанд вилояти ҳудудида Даргом каналининг чап қирғоғида ўзбек археологлари Афросиёб шаҳарчасидаги қазишмалар чоғида илк ўрта асрлар даврига тегишли Самарқанд ҳукмдорларининг ёзги саройи ва ўйма ёғоч панно шаклидаги расмлар галереясини топдилар. Ўзбекистон Фанлар академияси мазкур топилмани жаҳоншумул кашфиёт, деб баҳоламоқда.

Ушбу шоҳона сарой Кофирқалъа номли археологик ёдгорликда жойлашган бўлиб, турли йилларда ёдгорликнинг турли участкаларида стратиграфик характердаги кичик қазишма ишлари амалга оширилган, 2001 йилдан бошлаб эса 16 гектарли қадимги шаҳарнинг 76х76 метрлик Арки аълоси майдонида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтининг археологлари кенг қамровли қазишма ишларини олиб бормоқдалар. Натижада қадимги шаҳарнинг қалъа қисмида 2017 йилда монументал меъморий мажмуа очилди. Унга кўра, саройнинг ёғоч устунли кўркам хоналаридан бирида уч ярусли суфа, суфа устида эса шерсифат кўринишидаги тахтиравонда ҳукмдор ўтиргани тасвирланган. Хонанинг деворлари ўйма ёғоч панно шаклидаги расмлар галереяси билан безатилган. Унинг ўлчамлари 124х141 см., паннонинг ўзи иккита кенг доскадан иборат бўлиб, улар темир тутқич билан бириктирилган. Олд томондан тахталарда зардуштийлик динига итоат қилган инсонлар суратлари тўрт қаватга жойлаштирилган. Композицияда жами 46 та одам шакли тасвирланган (уларнинг учтаси шартли кўринишда, юқоридан чап қисмидаги иккита шакл аранг кўринади, ўнг томондаги шаклнинг фақат қўли кўринади). Композициянинг асосий мавзусини — шер шаклида тахтда ўтирган бош Илоҳга сажда қилиш, ташкил этади. Ушбу тасвир зардуштийликнинг бош маъбудаси буюк худо Нана бўлиши мумкин. Нана ёки Нанай исмли маъбудани Эрон ва Марказий Осиё халқлари қадим эронликларнинг Анахита маъбудаси билан боғлайдилар. Одамлар унинг ҳузурига турли хил совғалар билан келганлар. Пастки қаватда мусиқачилар галареяси тасвирланган. Ундан кейинги пастки қаватда яна қўлларида турли хил совға-саломлар билан келган зиёратчилар суратлари тиз чўккан ҳолда акс эттирилган. Пастки қават суратлар галареяси марказида муқаддас олов рамзи — Алтар жойлашган бўлиб, муқаддас алтарга бир томондан оғзи латта билан боғланган эркак топинмоқда, иккинчи томондан эса аёлсифат фигура алтар оловига ҳушбўй ўсимлик кукунини сепмоқда.

Афросиёб шаҳарчасида топилган кўп персонажли панно реконструкцияси. Academy.uz сайти иллюстрацияси

Милодий V-VI асрларга тегишли мажмуада Самарқанд ҳукмдорларининг давлат архиви ва ёзги саройи жойлашган бўлиб, ёнғин туфайли вайронага учраган архивдан ноёб давлат ҳужжатлари (давлат бошқарувига оид хужжатлар, элчилик хатлари, давлатлар аро шартномалар ва бошқалар) булла деб аталган тахтакачларда суғдий ёзув намуналари топилган.

Эрамиздан аввалги VIII-II асрларда гуркираган Афросиёб шаҳри ҳозирги Самарқанднинг шимолий қисмида жойлашган. У Нана маъбудаси машҳур саналган қадим Суғдиёнанинг пойтахти Марокандадир, деган тахминлар ҳам мавжуд. Унинг ҳудудида сопол идишлар, терракотли ҳайкалчалар, иш қуроллари, аёллар тақинчоқлари ва тангалар топилган. Афросиёб шаҳарчасидаги қазишма ишлари давом этмоқда.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги