06:12 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда амалдорлар энди одамлар олдида ҳисобот берадилар

13.04.2018 16:41 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев халқ йиғинида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимят органи вакиллари фуқаролар йиғинида қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот беради. 12 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев имзолаган жамоат назорати тўғрисидаги қонунда мана шу ҳақда сўз боради. Қонун бугун «Народное слово» газетасида чоп этилди.

Давлат органлари фаолиятини фуқаролар томонидан назорат қилишни кучайтиришга йўналтирилган қонунда бу каби назоратнинг бир неча шакли кўрсатилади ва улардан бири — амалдорларнинг фуқаролар йиғинидаги ҳисоботидир. Ҳужжатга кўра, йиғин шаҳар, туман маъмурияти раҳбарлари, ички ишлар органларининг профилактика бўйича инспекторлари, маориф муассасалари, поликлиника ва врачлик пунктлари, шунингдек, санитария назорати ва ҳудудларни ободонлаштириш раҳбарларининг ҳисоботини эшитади.

Қонунда жамоат назоратининг бошқа шакллари сифатида давлат органларига мурожаат қилиш, уларнинг очиқ мажлисларида иштирок этиш, оммавий муҳокамада қатнашиш, жамоат мониторинги ва ижтимоий сўровлар назарда тутилади. Оддий фуқаролар, фуқароларнинг ўзларини-ўзлари бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ, шунингдек, жамоат кенгашлари ва комиссиялар халқ назоратини амалга ошириши мумкин. Қонунга кўра, давлат органлари халқ назорати мурожаати ва сўровларига жавоб бериши, ўз фаолияти тўғрисида маълумотлар тақдим этиши керак.

Бироқ, ҳужжатда халқ назорати имкониятларини чекловчи ҳолатлар ҳам мавжуд. Масалан, мулозимлар “жамоат тартибига хавф соладиган” маълумотларни маълум қилмаслиги мумкин. Шунингдек, қонун халқ назоратининг давлат органлари “фаолиятига аралашуви” ва уларнинг ишларига “тўсиқлар” қўйишига чек қўяди. Агар халқ назорати иштирокчилари жамоат мониторингини ўтказмоқчи бўлсалар, у ҳолда улар кимларни, қачон ва қайси тартибда текшириши тўғрисида олдиндан маълумот бериши керак.

Қонун халқ назорати доирасига референдум, сайловлар, мудофаа, хавфсизлик масалалари, ҳуқуқ-тартибот органларининг тезкор ишлари ва суд ишларини киритмайди ва бу соҳалар “қонунчиликнинг алоҳида актлари билан мувофиқлаштирилиши”ни таъкидлайди.

Ўзбекистонда халқ назоратига доир қонун лойиҳаси мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида ҳам муҳокама қилинган, ҳаттоки унинг уч хил шакли ишлаб чиқилган. Бироқ, ҳукумат уларнинг бирортасини қўллаб-қувватламаган. 2016 йил кузда Тошкентда жамоат назоратига бағишланган халқаро семинар ўтказилади. Орадан бир йил ўтиб, мазкур қонун омма муҳокамасига ҳавола этилади. Жорий йилнинг март ойи охирида қонун Олий Мажлис Сенати томонидан мақулланади.

Мирзиёевнинг ҳукумат тепасига келгандан сўнг Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари амалдорларни кўпроқ танқид қиладиган бўлди. Президент бир неча бор матбуотни муаммоларни кенг ёритишга чақирди, куч органларидан журналистлар танқидини мамлакат хавфсизлигига келтириладиган зарар, деб қарамасликни талаб қилди. Шунга қарамасдан, ҳозирча Ўзбекистон матбуотида жиддий танқидлар кам учрайди, учраган тақдирда ҳам улар коммунал хизматлар ва ободонлаштириш мавзуларига қаратилган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги