17:35 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев божхона тизимида юқори мансабдор шахсларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилганини маълум қилди

13.04.2018 13:15 msk

Фарғона

Ўзбекистондаги божхона пости. Autostrada.uz сайти фотоси
«Талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганлик учун божхона органларининг мансабдор шахсларига нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда». Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида сўз юритилади.

Фармонда божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ва узоқ муддатлари, божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг сақланиб қолаётганлиги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилаётгани айтилган. Президент ташқи савдо операцияларини мониторинг қилиш соҳасида идоралараро ва халқаро ҳамкорликнинг суст ташкил этилганлиги контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни олиб киришнинг олдини олиш вазифаларини самарали бажариш, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш схемаларини аниқлаш имконини бермаётганига эътибор қаратади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил февраль ойида республика Давлат божхона қўмитасининг раиси Муиджон Тоҳирий ишдан бўшатилганди. Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) тизимида юқори поғоналарга кўтарилган, 2013 йил октябридан мамлакат биринчи президенти Ислом Каримовнинг қўриқлаш хизматини бошқарган генерал-майор божхона тизимида бир йилдан ортиқроқ вақт ишлади. Норасмий маълумотларга кўра, Тоҳирийнинг ишдан кетиши олдидан прокуратура терговчилари ташкилотнинг марказий аппаратида текширувлар ўтказган.

Кейинчалик, ёпиқ тартибда ўтган мажлисда президент Мирзиёев Тоҳирийнинг собиқ ўринбосари Бахтиёр Раимовга нисбатан жиноий иш кўзғатилганини эълон қилган. Мулозим ҳозирда терговда бўлган собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров оиласининг бизнес эҳтиёжи учун ноқонуний равишда омборхоналарни берганликда гумон қилинади.

Ўзбекистоннинг божхона хизмати мамлакатда коррупция ботқоғига ботган органлардан бири ҳисобланади. «Ижтимоий фикр» ўтказган сўровлар шундан далолат беради. Унда божхона хизмати коррупция бўйича милиция, банк, прокуратура ва солиқчилардан кейинги ўринни эгаллаган.

Ўн йиллар давомида божхона назорат-ўтказиш пунктларида товламачилик, порахўрлик ҳолатлари кузатилади. Бу ҳақда “Фарғона”нинг «Қозоқ божхонасида товламачилик одатий ҳолга айланган» ва «Ўзбек-қозоқ чегараси: Узундан-узоқ навбат ва коррупция. Эски ҳаммом, эски тос» материалларида ўқишингиз мумкин.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги