02:07 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Диний идора раҳбариятини танқид қилган имом ишдан четлатилди

11.04.2018 10:21 msk

Фарғона

Шермурод Тогай. Фото с сайта Asiaterra.info
Ўтган ҳафта ўзининг баҳс-мунозараларга бой чиқишлари билан машҳур «Тинчлик» масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай ишдан бўшатилди. Бу ҳақда “Озодлик” Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига таянган ҳолда хабар беради.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мутасаддисига кўра, Шермурод Тоғай айнан ижтимиой тармоқлардаги "кескин" чиқишлари ва "ўз жамоаси орасида фитналарнинг келиб чиқишига сабабчи бўлгани" учун имомликдан бўшатилган. Шу билан бирга у Шермурод Тоғайни ишдан олиш қарорини муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон Адлия вазирлиги Қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиевнинг хулосаларидан сўнг чиқарганини таъкидлайди.

Радиостанцияга ишдан олинганлик маълумотини Шермурод Тоғайнинг ўзи ҳам тасдиқлаган. «Тинчлик» масжидининг янги имом-хатиби этиб Саидакбар Довудов тайинланган. Март ойи бошида Тоғай Диний идора раҳбариятини фитна ва порахўрликда айблаб истеъфога чиқишини талаб қилганди. Бу билан у Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан "Салафийлик" диний экстремистик оқим ҳақидаги маърузанинг мажбурий ўқитилишига қарши ўз муносабатини билдирган. Диний идора вакилининг сўзларига қўра, раҳбарият авваллари Тоғайга бир неча бор огоҳлантиришлар берган.

«Диний идора вақтинчалик чора сифатида уни ишдан олишга мажбур бўлди. Муфтий ҳазратлари у киши билан яхши гаплашиб, вазиятни тушунтирганлар," деган диний идора вакили “Озодлик” билан суҳбатда.

Шермурад Тоғай ижтимоий тармоқларда ўзининг кескин чиқишлари билан машҳур. Айримлар уни россиялик сиёсатчи Жириновскийга ўхшатишади. Тоғай айрим ўзбек фильмларини “эшонлар”ни беҳурмат тасвирлагани учун танқид қилади. “Рус фильмларида, гарчи уларнинг шоҳлари алкаш, зинокор бўлган бўлсаларда, уларни кўкларга кўтаришади”– дея таажубланади имом. У, шунингдек, ўзбек эстрада хонандаси Муниса Ризаевани “баҳаё”ликда айблайди. Тоғай пора олмаслик учун амалдорларнинг бизнес билан шуғулланишига рухсат бериш кераклигини таклиф қилади. У «Ҳизбут-таҳрир» ва «Ислом давлати» (иккала ташкилот Россияда тақиқланган) экстремист гуруҳлари ғояларини ёқловчиларга ўлим жазосини қўллаш чақириғи билан чиққан.

Бундан ташқари, Тоғай президент Шавкат Мирзиёев номини улуғловчи шеърлари билан ҳам маълум. Шунингдек, у “Озодлик” мухбирини қўрқмасликда мақтаб, ўзбекистонлик журналистларни ундан ўрнак олишга чақиради.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги