02:07 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

$42 дан ортиқ қарзи бор ўзбекистонликлар чет элга чиқарилмайди

10.04.2018 18:38 msk

Фергана

Ўзбек чегарасида паспорт назорати. Unodc.org сайти фотоси
Ўзбекистонда иккита энг кам иш ҳақидан ортиқ – 344.480 сўм ($42) қарзи бор фуқаролар умумий базага киритилади ва уларнинг чет элга чиқиши тақиқланади. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори норматив-ҳуқуқий актлар сайтида чоп этилган.

Ҳужжатга кўра, 1 майдан Ўзбекистонда электр, сув таъминоти бўйича қарздорларнинг рўйхати умумий маълумотлар базасига киритилади. Базага киритилган жисмоний ва юридик шахслар катта савдо ишларини амалга оширолмайди, алоҳида молиявий-кредит ва давлат хизматларини ололмайди, шунингдек, уларга халқаро йўловчилар ташиш хизмати кўрсатилмайди.

Базага иккита минимал иш ҳақи миқдорида қарзи бор жимсоний шахслар ва бешта минимал иш ҳақи миқдорида қарзи бор юридик шахслар киритилади. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 172.240 сўм ($21) миқдорида белгиланган. Қарздорларга нисбатан вақтинча чекловлар уларнинг номи базага киритилганидан сўнг, то рўйхатдан ўчирилгунга қадар амал қилади.

Аэропортлар, темир йўл вокзаллари ва автовокзалларда махсус кассалар очилиб, у ерда қарздорлар қарзларини тўлаши мумкин. Шундан сўнг уларга нисбатан чеклов бекор қилинади ва одамларнинг чет элга чиқишлари мумкин.

Шунга ўхшаш қонун 2013 йили Қозоғистонда қабул қилинган. У ерда қарздорларнинг умумий реестри фаолият юритади. Агар қозоғистонликнинг қарзи йигирмата ўртача ойлик кўрсатгичидан ($150) ортиб кетса, у мамлакатдан четга чиқарилмайди.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги