02:06 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Йил бошидан расман уч мингга яқин одам Ўзбекистондан кўчиб кетди

09.04.2018 22:23 msk

Фарғона

2018 йил январидан март ойига қадар Ўзбекистондан бошқа мамлакатга доимий яшаш мақсадида 2807 нафар одам кўчиб кетган ва шундай мақсад билан мамлакатга 604 нафар одам кўчиб келган, деб маълум қилади Давлат статистика қўмитаси.

Nuz.uz сайти фотоси
Ўтган йилги статистикани олсак, 22,7 минг ўзбекистонлик бошқа мамлакатга доимий яшаш мақсадида кўчиб кетган ва бу кўрсатгич ойига ўртача 1,9 минг одамни ташкил этган.

Кўпчилик одамлар Қозоғистон (47,2%) ва Россияга (46%) кўчиб ўтмоқдалар. Ўз навбатида Ўзбекистонга кўчиб келаётган мамлакатлар ичида Тожикистон (31,8%), Қозоғистон (30,8%) ва Россия (28,5%) фуқаролари мавжуд.

Давлат статистика қўмитаси ҳисобот даврида республика аҳолиси 107 минг одамга кўпайган ва республика аҳолиси 32,763 млн фуқарони ташкил этмоқда. Аҳолининг табиий кўпайиши 109, 2 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилгига қараганда 3,1 минг одамга кўпдир. Жорий йилнинг январь-март ойларида 147 минг чақалоқ туғилган, вафот этганларнинг сони 37,8 минг одамни ташкил этган.

Самарқанд аҳоли зич жойлашган ўлка ҳисобланиб, у ерда 3,73 млн одам истиқомат қилмоқда. Кейинги ўринда Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳри туради. Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятлари рўйхатнинг сўнгги жойларидан ўрин олган. Йил бошидан пойтахт аҳолиси 11 минг одамга кўпайган ва шаҳарнинг умумий аҳолиси 2,47 млн одамни ташкил этади.

Статистика ташкилоти, шунингдек, никоҳ ва ажралишлар ҳақида маълумотлар келтиради. 52,1 минг одам расман никоҳдан ўтган бўлса, 8,1 минг одам оила ришталарини узган. Ўтган йилги кўрсатгичларга кўра, Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистонда никохдан ўтиш суръати кўпайган. Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида никоҳни бекор қилиш ҳолатлари кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, 2006 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистонни 474 минг одам тарк этган. Лекин амалда бу одамларнинг сони кўпроқ бўлиши мумкин, чунки ўзларининг собиқ уй ва хонадонлари пропискасидан чиқмаганларни ҳисобга оладиган статистика мавжуд эмас.

Россия ИИВ миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг маълумотларига кўра, 2017 йили мамлакатда 15,7 миллион одам миграция учётидан ўтган, улардан 4 миллиони Ўзбекистон фуқароларидир. Улардан 1.822.933 одам миграция картасининг Россияга ташриф мақсади бўлимини “иш” деб белгилаган. Марказий Осиё республикаларининг 36.469 фуқароси Россияда вақтинча яшашга рухсатнома (РВП) олган бўлсалар, 18.605 одам доимий яшашга рухсатнома (ВНЖ) олган. Ўтган йили 23.334 нафар ўзбекистонлик Россия паспортини қўлга киритган.

Бундан бир неча йил муқаддам Ўзбекистонни тарк этган ва ватанига ташриф буюрмоқчи бўлган эмигрантлар қандай қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида «Яшил паспорт конвертацияси. Фуқароликдан чиқиш амалиётини соддалаштириш Ўзбекистонга миллионлаб доллар фойда келтириши мумкин» мақоласида ўқишингиз мумкин .

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги