17:37 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистонда илм-фан ривожи учун шароит яратилмаганини таъкидлади

09.04.2018 16:35 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев олимлар билан учрашувда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олимлар билан бўлган учрашувда республикада узоқ йиллар фан тараққиёти учун шароитлар яратилмаганига эътибор қаратди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» канали давлат раҳбарининг Ўсимлик моддалари кимёси институтига ташрифи ва фан ходимлари билан ўтказган учрашувига бағишланган кўрсатувида сўз юритди.

Учрашувда президент илм-фан соҳасидаги бугунги вазиятни, жумладан, ёш кадрларни тайёрлаш ишлари кўнгилдагидек эмаслигини танқид остига олди. «32 миллион халқи бор республика миқёсида тараққиёт йўқ. 90-йиллар илм-фан учун шароит бугунги кунга нисбатан юз баробар кўп бўлган. Бизда барча соҳаларда база, фан ва методология бўлган, ёшларда интилиш бўлган. Барчаси фанлар доктори бўлишга ҳаракат қиларди», - деди Мирзиёев.

Шунингдек, президент мамлакатга кириб келаётган сармояларнинг бир қисмини фан ривожи учун йўналтириш зарурлигини айтди. Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирилаётган ҳар бир $100 дан 10 долларини соҳа ривожи, яна беш долларини олимларни тайёрлаш ишларига сафарбар қилиш схемасини таклиф қилди.Давлат раҳбарининг фикрича, инновация тараққиёти вазирлиги илм-фанни молиялаштириш ишлари билан шуғулланиши керак.

Масаланинг нақадар муҳимлигини инновация тараққиёти вазири ўринбосари Шерзод Шерматов ҳам ўзининг Facebook даги саҳифасида 2014 йилги Жаҳон банки маълумотларини келтириш орқали тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистондаги илмий тадқиқотлар ривожига қилинаган ҳаражат мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 0,2 фоизини ташкил этган. Бу дунё мамлакатларидаги ўртача кўрсатгичдан 11 марта кам демакдир.

Мулозим Жанубий Кореяни мисол келтиради. У ерда фан тараққиёти учун ЯИМнинг 4,28 фоизи, пулга чаққанда $60 млрд сарфланади. Агар Ўзбекистон Жанубий Кореядан ўрнак оладиган бўлса, у ҳолда фан тараққиёти учун $2,7 млрд.ни сарфлаши лозим. Бироқ, 2018 йил давлат бюджетида мазкур соҳа учун $48 млн ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта 2018 йил 1 сентябридан олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтлари ходимларининг ойлик маошини ўртача 25 фоизга кўпайтириш борасида қарорга имзо чекканди. Унга кўра, илмий даражага эга олимлар бошқаларга нисбатан икки баробар кўп маош оладилар.

Ислом Каримов раҳбарлик қилган даврда илм-фан тушкунликни бошдан кечирган. Буни SCImago – Гранада (Испания) университети тадқиқот гуруҳининг маълумотлари ҳам тасдиқлайди. У Scopus халқаро индексини ишлатган ҳолда илмий-техник маълумотлар таҳлили билан шуғулланади. 2016 йили SCImago мамлакатлари рейтингида чоп этилган илмий ишлар бўйича Ўзбекистон 94 ўринни эгаллаган. 1996 ва 2016 йиллар ичида ўзбекистонликлар бор-йўғи 9947 та илмий ҳужжатларни чоп этганлар. Таққослайдиган бўлсак, 2016 йили Америкада -10,2 миллион, Хитойда – 4,6 миллион, Буюк Британияда – 2,9 миллион, Россияда - 860.847, Украинада – 158.984 илмий ишлар нашр этилган.

2013 йили Ўзбекистонда номзодлик диссертациясини ёқлаш бекор қилинади ва бу билан фан номзоди бўлган ёш олимлар “қонун чети”да қолиб кетадилар. 2015 йилдан бошлаб олий ўқув юртларида сиёсатшунослик фани (политология) дан дарс берилишига чек қўйилди, 2016 йил май ойида Ядро физикаси институтини ихчамлаштириш бўйида президент қарори чоп этилди. Ўн йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академиясига янги кадрлар келиб қўшилмади. 2018 йил вазият кескин ўзгарди. Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан Фанлар академиясига физика-математика, кимё, қишлоқ хўжалиги, тарих, иқтисод, филология, ҳуқуқшунослик, педагогика, тиббиёт ва санъатшунослик соҳасида 32 та янги ходим тасдиқланди.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги