02:05 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон орадан олти йил ўтиб яна Тожикистонга газ етказиб бера бошлади

09.04.2018 16:33 msk

Фарғона

News.tj сайти фотоси
2012 йилдан бери илк бор Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб бера бошлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» канали хабар беради Тожикистонга газ «Музрабод — Душанбе» газ қувури орқали етказилмоқда. Қувурнинг ўтказиш қуввати соатига 125 минг кубометрни ташкил этади ва у ўтган ҳафта охирида ишга туширилган.

«Тожиктрансгаз» маълумотига кўра, ҳозирда соатига 1000 кубометр газ «Тожик алюминий компанияси» (ТАЛКО) га етказиб берилмоқда. Кейинчалик бошқа корхоналар ҳам газ билан таъминланади. Ўзбекистон канали сюжетига кўра, газ нафақат корхоналар, балки чегарадош туманлар аҳолиси уйларини иситиш учун ҳам етказиб берилмоқда. «Озоди» радиоси ўз манбаларига таяниб, яқин орада Сўғд вилоятига ҳам газ етказиб берилишини маълум қилади.

2018 йил 9 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга қилган давлат ташрифи чоғида ўзбек газини етказиб бериш борасида икки мамлакат газ тақсимловчи идоралари битим имзолаган эдилар. Томонлар бу йили Тожикистонга $15,1 млн эвазига 125 млн кубометр газ етказибга келишиб олганлар. Тожикистон ҳукуматидаги манба хабарига кўра, Ўзбекистон минг кубометр газни $120 нархда етказиб беришга розилик билдирган ва бу дунёдаги газнинг ўртача нархидан анча кам (минг кубометри $280-300) демакдир. Келишувга кўра, агар Тожикистоннинг газга бўлган эҳтиёжи ортса, у ҳолда Ўзбекистон газ етказиб бериш хажмини кўпайтиради.

Ўзбекистонт 2012 йили газ етказиб беришни тўхтатганди. Бунга «Тожиктрансгаз»нинг қарзи кўпайиб кетгани сабаб бўлганди. 2008 йилдан бошлаб Ўзбекистон газ нархини ошира бошлаган. Минг кубометри $145 бўлган газнинг нархи 2012 йилга келиб $300 ни ташкил этади. Ўзбекистон 2008 йили 600 млн кубометр газ етказиб берган бўлса, бу кўрсатгич 2012 йилга келиб 200 млн.ни ташкил этади. Газ етказиб бериш тўхтатилганидан сўнг «Тожиктрансгаз» ярим ходимларини ишдан бўшатади, газ истеъмол қилаётган тожик корхоналари кўмирга ўтишга мажбур бўлади.

Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг Душанбега ташрифи пайти Тожикистоннинг ТАЛКО компанияси ўзбек компаниялари билан умумий нархи $460 млн бўлган бешта шартномани имзолади.

Аввали хабар берилганидек, Тожикистон орадан тўққиз йил ўтиб, жорий йил апрель ойи бошидан Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудига электр энергиясини етказиб бера бошлади. Томонлар Тожикистоннинг йилига 1,5 миллиард киловатт/соат электр энергиясини етказиб беришига келишиб олдилар. Ўзбекистон ёз пайти электр энергиясинининг бир киловатт соатини 2 центдан, қиш мавсумида эса 2,5 центдан сотиб олади.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги