17:32 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон чегарачиси ноқонуний мол олиб ўтаётган шахсларни отиб ташлаган

06.04.2018 18:04 msk

Фарғона

Фото с сайта Rusplt.ru
Ўзбек-қирғиз чегарасида ўзбек аскари маҳаллий контрабандачиларга қарши ўт очган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, қолган иккита чегарабузар касалхонага ётқизилган, деб хабар беради «Озодлик»

Воқеа 4 апрель куни Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманининг ўзбек-қирғиз чегара ҳудудида содир бўлган. Вилоят ҳуқуқ тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ чегарани ноқонуний кесиб ўтаëтган пайтда отилганлардан бири - 24 яшар Аҳлиддин Деҳқонов олган жароҳатлари оқибатида вафот этган, унинг акаси ва яна бир шериги ҳозирда каксалхонада даволанмоқда. Уларнинг барчаси Қорасув фуқаролари бўлган. Уларга қарши 228-сонли ҳарбий қисм ҳарбийси, фарғоналик йигит ўқ узган.

“330 дона уяли алоқа воситасини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган бу кимсалар ҳарбий хизматчининг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли ҳарбий уларга нисбатан ўқ узган”, дейди воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор мулозим.

9228-сонли ҳарбий қисм вакили воқеа бўйича тергов ҳаракатлари бошланганини айтган. Яқинда тергов органлари вакиллари расмий баёнот беришади.

«Озодлик»нинг сўнгги хабарларига кўра, 5 апрель куни Аҳлиддин Деҳқоновнинг дафн маросими ўтказилган, унинг акаси, шифохонада даволанаётган Одилбек укасининг дафн маросимида иштирок этиш учун касалхонадан рухсат олиб, уйига бориб-келган.

2017 йил сентябрда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадан ўтишлар бўйича чекловни бекор қилган.

2017 йил давомида ўзбек чегарачилари томонидан 5 мингга яқин чегарабузар қўлга олинган¸ 32 миллиард сўмлик контрабанда маҳсулотлари, 1 миллион 880 минг доллар ва бошқа давлат валюталари, 49 килограмм гиёҳванд моддаси ва 285 дона қурол ушлаб қолинган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги