02:10 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов микроинсульт билан касалхонага ётқизилди

06.04.2018 17:01 msk

Фарғона

Анвар қори Турсунов
Тошкент шаҳар ва «Минор» масжиди бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечирди, деб хабар беради «Xabar.uz».

Нашрнинг маълум қилишича, Анвар қори пойтахт клиникаларидан бирида операция қилинган ва ҳозирда аҳволи анча яхши.Унинг кейинги ҳафтадан бошлаб фаолиятини давом эттириши кутиляпти. Бугунги жума номозини ўнинг шогирди ўтказган.

Анвар-қори Турсунов Ўзбекистоннинг энг машҳур ва тез-тез тилга тушиб турган диний уламоларидан бири саналади. 2009 йили ғараз ниятли кишилар унга суиқасд уюштиради. Учта безори кимса имомга тўққиз марта пичоқ уради. Турсунов беш кун комада ётади. Мазкур жиноятга алоқадорликда ўнлаб одамлар қўлга олинади ва суд ёпиқ режимда ўтади.

Ўтган йили Халқаро матбуот клуби фоторепортёрлари томонидан қайд этилган имоми қўлидаги 10 минг АҚШ доллари ҳисобидаги «Ulysse Nardin» соати жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Қори соат 250 доллар туриши, уни шогирти совға қилганини маълум қилганди.

Орадан бир неча ойлар ўтиб, Турсунов яна бир жанжал марказига тушиб қолади. 11 сентябрда эфирга узатилган «Otin oyining so’nggi ovi» кўрсатувида Тошкент имом- хатиби аёлларнинг жамланиб диний билим олишини макруҳ, деб атайди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, дин вакиллари унинг бу фикрига қарши чиқадилар, имомга дўқ пўписалар ёғилади.

Турсунов ўз фаолиятини 1981 йили «Ёшлик» журналида муҳаррирлик вазифасидан бошлаган. 2015 йилдан бошлаб «Минор» жоме масжиди бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритмоқда. Унгача пойтахтнинг Шайхонтохур туманидаги «Хўжа Аҳрор Валий» жоме масжидининг имом-хатиби вазифасида ишлаган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги