06:10 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига хорижда "янги Ўзбекистон”ни тарғиб қилишни кучайтириш бўйича буйруқ берди

06.04.2018 14:57 msk

Фарғона

Ўзбекистон ТИВ биноси. Uzbekembassy.in сайти фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига дунё ҳамжамиятини мамлакатда кечаётган ижобий ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилишни кучайтириш вазифасини юклади. 5 апрель куни президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонда шу ҳақда сўз юритилади.

Вазирлик фаолиятидаги камчиликлардан бири “мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ва республиканинг халқаро ташаббуслари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш ишлари суст ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари самарали бажарилишига тўсқинлик қилётгани” кўрсатилган.

Ҳужжатда ТИВ устувор йўналишларидан бири сифатида милий ва хорижий экспертлар ҳамжамияти ўртасида алоқаларни кучайтирган ҳолда, оммавий ахборот воситалари, жамоат ва илмий доиралар кўмагида халқаро ҳамжамият кўз ўнгида Ўзбекистон нуфузини ошириш белгиланган.

Ўзбекистоннинг чет эллардаги идоралари учун ҳар йили “йўл хариталари” қабул қилинади, ташқи иқтисодий ва ахборот-таҳлилий ишларига катта эътибор қаратилади.

Янги вазифалар Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ўзгаришлар киритилишини талаб қилади. Президент фармони билан Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати негизида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси тузилади.

«Жахон» ахборот агентлиги негизида «Дунё» ахборот агентлиги, шунингдек, Медиа- марказ тузилади. Шунингдек, фармонда таржимонлар бюроси, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази негизида Таҳлил ва прогнозлаштириш маркази тузилиши кўзда тутилган. Уларнинг фаолияти давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади, дейилади фармонда.

Шавкат Мирзиевнинг президент бўлиб сайланганидан кейин Ўзбекистонда ислоҳотлар даври бошлангани, бир неча сиёсий маҳбуслар озод этилгани хорижда эътироф этилди. Бироқ, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларда оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ қатор саволлар мавжуд. Улар эркин матбуотсиз мамлакатда авторитар режимга барҳам бериб бўлмаслигини уқдирадилар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот Human Rights Watch март ойи докладида Мирзиёевга ахборот ва танқидий муносабатлар борасида барча чекловларни олиб ташлаш, жамиятдаги бахс-мунозараларни босишга йўналтирилган чораларни бекор қилиш, сайтларни тақиқлаб қўйиш ва журналистларни қўрқитиш ишларига чек қўйиш, сиёсий мотивлар билан уларнинг таъқиб этилишига йўл қўймасликни тавсия қилган. Март ойининг охирида Сенат республикада оммавий ахборот воситаларида цензурани бекор қилиш ва журналистлар мақомини халқаро ҳуқуқ нормаларига тенглаштиришга доир қонун қабул қилди.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги