02:08 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мирзиёев ҳайдовчилик гувоҳномалари давлат хизматлари марказлари орқали берилишига буйруқ берди

05.04.2018 12:29 msk

Фарғона

Шавкат Мирзиёев 4 апрелдаги мажлисда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга лицензия ва рухсатномалар берилишини осонлаштириш, шунингдек, ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ўзбекистон президенти халқ қабулхоналари қошидаги давлат хизматлари марказлари орқали берилишига буйруқ берди. У 4 апрель куни давлат хизматларини кўрсатишга бағишланиб ўтказилган мажлисда шундай вазифани топширган.

Республикада фаолият юритаётган 201 та давлат хизматлари марказининг ҳар бирида ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ходимлари бириктирилади, деб хабар беради Gazeta.uz. 2021 йилга қадар мамлакатда 5 миллион донадан ортиқ ҳайдовчилик гувоҳномалари янгиланиши керак. Бироқ/, вилоятларда уларни топшириш билан 3−5, мамлакат бўйича эса 49 бўлинма шуғулланмоқда.

Ўзбекистон президенти сайтида келтирилган мажлис ҳисоботига кўра, кўрсатиладиган хизматлар сони борган сари ортиб боради. Мирзиёев қисқа вақт ичида уларнинг сонини кўпайтиришга доир таклифлар тайёрлашга буйруқ берди. Бу барча вазирлик ва идораларда бутун фаолиятни автоматлаштириш, улар ўртасида электрон ахборот алмашувини тўлиқ йўлга қўйишни талаб этади. Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга давлат хизматлари бўйича электрон ахборот тизими ва электрон маълумотлар базасини яратиш, барча давлат хизматлари марказларини оптик толали интернетга улаш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, президент барча рухсатнома ва лицензияларни электрон тизим орқали тақдим этиш имконини берадиган “Лицензия” ахборот комплексини тўлиқ ишга тушириш вазифасини топширди.

Давлат хизматлари марказлари 1 январдан аввал фақатгина тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатган «Ягона дарча» марказлари базасида ташкил этилган. Авваллари улар тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, йил бошидан фисмоний шахслар ҳам ушбу хизматлардан фойдаланишлари мумкин. 2018 йил 1 апрелдан марказлардаги хизмат турлари 37 дан 50 тага етказилди. Масалан, энди марказ орқали фарзандни болалар боғчасига жойлаштириш бўйича ариза бериш мумкин. Давлат хизматлари ягона реестрига 444 турдаги давлат хизмати киритилган. Йил охирига қадар давлат хизматлари марказлари жами 87 турдаги, кейинги йил охиригача эса 160 турдаги давлат хизматларини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил октябрь ойидан Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш нархи кўтарилганди. Янги нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномасининг нархи 105 минг сўм ($13) ташкил этади. Бу мамлакатдаги энг кам иш ҳақининг 70 фоизига тенг. Автомашинанинг техник паспорти учун ҳам шундай сумма тўланади. Амалдаги гувоҳномани янгисига алмайтириш 2018 йил 31 декабрига қадар ихтиёрий равишда амалга оширилади, 2019 йил 1 январидан эса бу тадбир мажбурий бўлиб, 2020 йил 31 декабригача давом этади.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги