06:44 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларидаги қариндош-уруғчиликка чек қўйди

05.04.2018 12:27 msk

Фарғона

Ўзбекистонда тижорат банклари ва уларнинг филиалларига битта молиявий ташкилот доирасида бир-бирининг олдида молиявий жавобгар ёки бевосита бўйсунувчи лавозимида ишлаётган яқин қариндош бўлган шахсларнинг раҳбар этиб таъйинланиши тақиқланади. Бу ҳақда 31 март куни кучга кирган республика Марказий банки қарорида сўз юритилади.


Ўзбекистон Марказий банки. Норма.Uz сайти фотоси

Қарорга кўра, банк ва уларнинг филиаллари раҳбарлигига бевосита унинг иштирокида банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган банклар, кредит уюшмалари, микрокредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни бошқарган шахслар, суд қарорига кўра раҳбарлик лавозимига тайинланмайдиган шахслардан иборат номзодлар тайинланиши ва тавсия этилиши мумкин эмас.

Ушбу ҳужжатда тижорат банкларининг раҳбарлари, бошқарув аъзолари, бош бухгалтерлари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, микрокредит ташкилотлари ва кредит бюролари раҳбарлари учун янги талаблар тасдиқланган.

Талабларга кўра, барча номзодлар иқтисодиёт соҳасида олий маълумотга ва банк соҳасида икки йилдан ўн йилгача иш тажрибасига эга бўлиши керак. Раҳбарлик лавозимига номзодлар, шунингдек, бошқарув тажрибасига эга бўлиши, қонунчиликни, пул-кредит сиёсати тамойилларини, қарз бериш ва депозитларни билиши, компьютер ва барча керакли банк дастурларини ишлата олиши лозим.

Қарорда банкнинг бош офиси ва унинг филиаллари раҳбариятидаги ўзгаришлар ва тайинланишлар ҳақидаги ахборот буйруқ чиққанидан кейин уч кун ичида банкнинг расмий сайтида эълон қилиниши лозимлиги белгиланган.

«Фарғона» халқаро ахборот агентлиги