06:33 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бобомурод Абдуллаев ҳимоячиси суд ҳайъатидан “Жатва” иши бўйича биринчи гувоҳ кўрсатмасини инобатга олмасликни сўрайди

03.04.2018 15:55 msk

Фарғона

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳимоячиси суд ҳайъатидан 2 апрель куни суд мажлисида гувоҳ Кенда Мусановнинг “бир-бирини инкор қиладиган” кўрсатмаларини эътиборга олмасликни сўрайди. Бу ҳақда “Фарғона”га айбланувчи адвокати Сергей Майоров маълум қилди.

Адвокат Сергей Майоров.Тимур Карпов фотоси, “Фарғона”

«Бу барча гумонлар судланувчига қарши йўналтирилган ҳолатдир», – деди у. Кейинчалик прокуратура Мусановга нисбатан ёлғон кўрсатмалар берганликда иш қўзғатиши мумкинлигини қўшимча қилди. «Жумладан, гувоҳ дастлабки терговда бир- бирини инкор қиладиган кўрсатмаларни берди: улардан иккитаси учинсини инкор қилади. Бу суд томонидан қайд этилган бўлиб, судя ушбу ҳолатга прокурор эътиборини жалб қилди», – деди адвокат.

Кенжа Мусанов – ҳарбий хизматчи. У судда кўрилган “Жатва” («Ўрим») иши бўйича биринчи гувоҳ ҳисобланади. Унинг суддаги сўзларини журналист Малоҳат Эшонқулова батафсил ёритган. Судянинг Мусановни Бобомуродов билан қандай танишиб қолгани ҳақидаги саволига у бир куни “иш юзасидан такси керак бўлиб қолгани” ва тўхтатган машинаси рулида Бобомурод эканини айтади. Бобомурод спорт комментатори экани, бўш пайтлари “кира қилиб” юришини гапирган. Гувохнинг сўзларига кўра, Бобомурод йўл давомида ҳукуматни танқид қилади, бунга жавобан Мусанов ҳарбий эканини айтиб, ундан бундай гапларни бас қилишини сўрайди.

Кейинчалик гувоҳ Абдуллаев уни қандай паловга таклиф қилганини тасвирлайди. Уйда Мусановга аввали таниш бўлмаган, ҳозирда айбланувчи бўлмиш блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳам бўлган. «Улар компьютерни ёқиб, менга таниш бўлмаган соч-соқолига оқ оралаган бир одам билан гаплашдилар. Кейин компьютерни мен тарафга буриб, сафимизда янги одам пайдо бўлди, дейишган. 7-10 дақиқа суҳбатдан сўнг компьютерни ўчиришган. Бобомурод менга юзланиб, шундай деди: «Биласанми, бу ким? Бу - Муҳаммад Солиҳ, яқинда президент бўлади. Агар бизга қўшилсанг, сенга катта лавозимлардан бирини берамиз». Бу пайт телефонимга смс хабар келди, Бобомурод телефонимни ўчирмаганим учун менга бақирди. Шундан сўнг мен кетдим», – деди Мусанов.

Судя айбланувчилар нималар ҳақида гаплашганини сўради, бироқ гувоҳ уларнинг нима ҳақида гаплашганини билмаслигини, бунга эътибор қилмаганини айтади. Кейин судя Мусановдан ёлғон кўрсатма берганлик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилганини билишини сўрайди. Гувоҳ бундан хабардорлигини тасдиқлаган ҳолда, керакли қоғозга қўл қўйганини айтади. Шундан сўнг ундан тергов пайти берган кўрсатмаларини ўқиб беришни сўрайдилар. Маълум бўлишича, Мусановни ошга Ҳаётхон Насриддинов чақирган, Абдуллаевни эса Солиҳ билан бўлган суҳбатда биринчи бор кўрган. Судя гувоҳ кўрсатмалари бир-бирига мос тушмаётганига эътибор берди ва “бунга алоҳида баҳо бериши”ни ваъда қилиб, гувоҳни қўйиб юборади.

Скайп орқали Солиҳ билан бўлган суҳбат ҳақида олдинроқ суд мажлисида айбланувчи блогер Ҳаётхон Насриддинов гапирганди. У, гувоҳ айтгани каби, Бобомурод муҳолифатчи билан ҳукуматни ағдариш режасини муҳокама қилганини гапириб берди. Шу билан бирга Насриддинов суҳбатда ўзи ҳам қатнашгани, жумладан, “почта ва телеграфни босиб олишни” таклиф қилганини айтади. Бироқ, айбланувчининг сўзларига кўра, бу суҳбат реал режани акс этмайди ва “Солиҳнинг нақадар ишончли одам эканини текшириб кўриш усули” бўлган. «Ҳозирги интернет замонида телеграфни босиб олиш ғирт аҳмоқлик», – деб қўшимча қилди у.

Human Rights Watchнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов (Steve Swerdlow) бу ишда барча айблов Скайп орқали бўлган суҳбат воқеасига қурилган, деб ҳисоблайди. «Насриддинов абсурд, бемаъни суҳбат бўлганини гапиради. У олдиндан тил бириктириш бўлмаганига ишора қилади. Унинг позицияси кўплаб саволларни туғдиради», – деб таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Насриддиновнинг қийноқлар борасида сўзларини қайтариб олиши ҳам уни ҳавотирга солади (2 апрель куни блогер уни нотўғри тушунишганини, у “овқатдан заҳарланиш” га дуч келганини гапирган). Свердлов фикрига кўра, бу «Абдуллаев ва Насриддинов учун мустақил тиббий экспертиза тайинлаш зарурлигини англатади». Аввали Бобомурод МХХ ҳибсхонасида қийноққа солинганини гапириб берган, лекин унинг сўзларини суд томонидан тайинланган экспертиза тасдиқламади.

Мазкур иш бўйича суд мажлиси мартда бошланди. Унда тўрт нафар одам айбланмоқда. Абдуллаев ва Насриддиновдан ташқари ишбилармон Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар ҳам айбланувчилар курсисини эгаллаган. Тергов таҳминларига кўра, журналист Ўзбекистонда ҳукумат ағдаришни кўзда тутган “Жатва” лойиҳасининг муаллифидир ва лойиҳа хориждаги мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ манфаати йўлида ишлаб чиқилган. Бобомурод гўёки “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси билан “иғво тарқатувчи мақолалар”ни ёзган. Насриддинов, Оллоёров ва Салаевлар мақолалар учун маълумотлар етказиб берганликда айбланади. Шунга қарамасдан, ўтган суд мажлисларида Абдуллаев “Жатва” лойиҳаси МХХ томонидан ўйлаб топилганини таъкидлаган.

Суднинг навбатдаги мажлиси 4 апрелда бўлиб ўтади.

Мазкур иш бўйича материаллар билан «Фарғона»нинг  «Бобомурод Абдуллаев» махсус рукнида танишишингиз мумкин .

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги