00:18 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Афғонистонда маблағ ва хавфсизлик йўқлиги боис парламент сайлови бошқа вақтга кўчирилди

03.04.2018 10:08 msk

Фарғона

Афғонистондаги сайлов участкаси. Opendemocracy.netсайти фотоси
Афғонистон мустақил сайлов комиссияси (МСК) парламентнинг қуйи палатаси (Волеси Жирға)га ўтказиладиган сайловни жорий йилнинг 7 июлидан 20 октябрига кўчиришга қарор қилди. Бундай қарорга келганлик сабабларидан бири - парламент сайлови ва минтақавий Кенгаш сайловлари ташкиллаштириш учун маблағ етишмаслиги билан изоҳланади. МСК ҳисоб-китобларига кўра, сайлов бюджети $70-90 млн ташкил этиши керак. Унинг аксари қисми хориж донорлари кўмагида қопланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, МСКда бош котиб йўқ, дея хабар беради TOLOnews. Котибият раҳбари МСК томонидан тақдим этилган номзодлар рўйхатига кўра президент маъмурияти томонидан сайланади. Лекин бу иш амалга оширилмаган. «Деярли 11 ой олдин президент маъмуриятига номзодлар рўйхати юборилган. Ҳукумат котибият раҳбарини тайинлаганида яхши иш бўларди. Лекин бу иш бажарилмади. Биз ҳукуматни ўз вазифаларига жиддийроқ ёндошишга чақирамиз», - дейди МСК раиси Абдул Азиз Арайи (Abdul Aziz Arayayee).

Волеси Жиғирганинг янги таркиби учун сайловлар ўтказишга тайёргарлик кўришнинг учинчи муаммоси сайлов участкаларида хавфсизлик ўрнатилиши масаласи билан боғлиқ. Аввали хабар берилишича, ҳукумат 948 сайлов участкасини назорат қилмайди. Яна икки мингга яқин сайлов участкалари аксилҳукумат гуруҳлари томонидан ҳужум уюштирилиши мумкин бўлган ҳудудларда жойлашган. Сайлов ўтказилиши учун 7355 та сайлов участкаси фаолият юритиши керак.

«Фарғона» сайлов санаси кўчирилишининг бошқа сабаблари ҳақида ҳам ёзганди. Жумладан, бу ҳозирги пайтда Афғонистонда юзага келган этносиёсий гуруҳлар мувозанати билан боғлиқ масаладир. Парламентнинг янги таркиби мазкур мувозанатни бузиши, мамлакатнинг турли этник гуруҳлари манфаатларини кўзловчи сиёсий партиялар ўртасида мажаролар келтириб чиқариши мумкин.

Ҳозирги парламентнинг ваколати 2015 йил 22 июнда тугаган. Лекин хавфсизлик таъминланмагани боис, янги сайловлар белгиланмагани расман эълон қилинган. Ўтган йили ёзда МСК 2018 йил 7 июлда сайловлар ўтказиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Парламентнинг эски таркиби ваколати янги сайловлар ўтказилиши давригача узайтирилганди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги